Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу тур Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган бўлиб, «Ўрта Осиё чўл тошбақаси» ҳисобланади. Ноёб эндемик тур ҳисобланган ушбу тошбақалар мамлакатимизнинг барча адирликларида учрайди. Мустаҳкамлашган қумлар, сертупроқ чўлларда яшаб, тоғда денгиз сатҳидан 1300 метр баландликкача кўтарилади. Баъзан водийдаги сийрак майсали даштлар ва қишлоқ хўжалиги ерлари (шудгор, полиз ва далалар) да ҳам учрайди.
Иккинчи Жаҳон уруши даврида Ўрта Осиё тошбақаси гўштидан кўп миқдорда консервалар тайёрлашда фойдаланилган. Тошбақаларнинг антропоген омиллар таъсирида яшаш жойлари ўзгариши ва йўқ қилиниши (яйловлардан чорвачилик мақсадида узоқ йиллардан бери ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш, қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, тижорат (экспорт) мақсадида тошбақаларни овлаш ва тухумларини териш, жумладан, браконьерлар томонидан турли ноқонуний мақсадларда териб олиниши) натижасида ушбу тур камайиб кетмоқда.
Манбаларда келтирилишича, сўнгги 60 йил мобайнида хўжалик фаолияти юритилиши натижасида тошбақанинг яшаш жойлари 1,5 миллион гектарга қисқариб кетган. Бугунги кунга келиб мазкур турнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»нинг янги нашрига киритилган.
Браконьерлар томонидан вилоятдан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётган тошбақалар бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқий кўриб чиқиш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Вилоят атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирилган ҳолда экологик муҳофаза ҳудуди ҳисобланган Бухоро ихтисослаштирилган Жайрон питомнигига тошбақалар топшириш учун жўнатилди.