Ўзбек ва тожик халқларининг азал биродарлиги, қуда-андаю қариндошлиги, эзгу мақсадлари муштараклиги она табиатдан улгу олгандек гўё! Улуғ Ҳисор тоғлари бағрида эриган қорлар Помир тоғларининг кифтидан жимирлаб йўлга тушган ойдин булоқларга қўшилиб Амударё деган азим дарёни бунёд этиши бежиз эмас. Зеро, ўзбек билан тожик икки тилда сўзлашадиган битта миллатдир. Дини, қадриятлари, энг кичик удумларидан тўю маросимларигача бир-бирига уйғун бўлган бу халқлар Марказий Осиёнинг энг сўлим манзилларида азалдан аҳил иноқ бўлиб умргузаронлик қилиб келишган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги тантаналари доирасида турли адабий кечалар, тадбирлар ва мушоиралар бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида икки тилда – ўзбек ва тожик тилларида ўтказилган “Абдулла Орипов – ўзбек ва тожик халқлари дўстлиги куйчиси” деб номланган шеърият кечаси ҳам халқимизнинг севимли шоири хотирасига бағишланди.
Унда шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, шеърият ихлосмандлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.
– Бу икки халқ икки тилда сўзлашадиган битта миллатдир, деган нақл бежиз пайдо бўлмаган, – дейди Тожикистон халқ шоири, Тожикистон ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим. – Икки халқ биродарлиги буюк шоирлар – устоз ва шогирд Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий дўстлиги билан янада мустаҳкамланган. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Тожикистонда жуда кўп марта бўлган, устоз шоирнинг “Ўзбегим тожик билан” номли шеърини биз ёшлар ёддан ўқиб юрар эдик:
– Дўсту қардошдир азалдан
Ўзбегим тожик билан,
Иккиси бир байт ғазалдан
Ўзбегим тожик билан.
Қай йўсин айлай қиёс мен
Бул ширин дўстлик сўзин,
Тотлидир болдан, асалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилдар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров, Ўзбекистон – Тожикистон” дўстлик жамияти раиси Шавкат Ҳамроев ва бошқалар Абдулла Орипов адабий меросининг аҳамияти, унинг ижодида эзгулик, ватанпарварлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик мавзулари етакчилик қилганини, шеърларида умуминсоний ғоялар улуғланганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Дарҳақиқат, Абдулла Орипов ижоди нафақат миллий адабиётимизнинг, балки жаҳон адабиётининг ҳам бойлиги саналади. Унинг асарлари бир неча ўнлаб номларда китоб ҳолида ўзбек ва рус тилларида нашр этилган. Шеърлари белорусь, грузин, латиш, молдован, немис, япон, хитой, озарбайжон, татар, тожик, туркман, украин, эстон, қозоқ, турк тилларига ўгирилган. Шоир Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан олтин медаль билан тақдирланган.
Кеча ўзбек ва тожик тилларида ўқилган шеърлардан иборат мушоирага айланиб кетди. Унда ўзбек шоирлари Салим Ашур, Рустам Мусурмон, Бобур Бобомурод, Сирожиддин Рауф, Даврон Ражаб, Азиз Саид, Наргиза Асадовалар қаторида ўзбек ва тожик тилларида баравар ижод қилувчи ўзбекистонлик шоирлар Паймон, Жаъфар Муҳаммад, Хисрав Саъдулло, Муҳаммад Шодийлар ҳам иштирок этишди.
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири