Тадбирда вазирликнинг тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни шакллантириш бошқармаси, Энергетика вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Энергия» ҳудудий координацион-диспетчерлик маркази, «Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш» филиали мутасадди раҳбарлари, мутахассислар, Фанлар академиясининг Физика-техника ва Материалшунослик институтлари, Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти, Тошкент давлат техника университети олимлари иштирок этди.
Анжуманда электр энергияси ишлаб чиқарилишини автоматик ҳисобга олиш, маълумотлар базасини ҳамда қуёш ва шамол манбалари ишлаб чиқараётган энергия миқдорини прогнозлаш тизимини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ишлайдиган янги электр станциялари ишга туширилаётганини инобатга олиб, юқорида кўрсатилган масалалар бўйича ечимлар келгусида мамлакат энергия тизимининг барқарор ишлашига ёрдам беради.
Инновацион ривожланиш вазирлиги қайта тикланувчи энергияни прогнозлаш тизимини жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш учун манфаатдор вазирлик ва идораларни жалб қилишда ташаббус кўрсатмоқда. Электр энергиясини ишлаб чиқаришни аниқ режалаштириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини мавжуд энергия тизимига самарали интеграция қилиш мақсадида табиий-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда қайта тикланувчи энергияни прогнозлаш тизимини қўллаш хорижда стандарт амалиёт ҳисобланади.
Тадбирда қайта тикланувчи энергияни ишлаб чиқиш миқдорини прогнозлаш тизимини хорижий давлатларда самарали жорий этиш амалиётининг асосий натижалари таҳлил қилинди.