Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Қибрай туманида марказ учун янги бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Унинг тантанали очилиш маросимида Тошкент вилоят ҳокими Рустам Холматов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев, туман ҳокимлиги, адлия бўлими масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик  вакиллари иштирок этди.

Мазкур бинони давлат-хусусий шерикчилик асосида “HAYOT ALYANS INVEST” масъулияти чекланган жамияти барпо этди ва замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланди. Энди марказга ташриф буюрувчиларга давлат хизматлари кенг, ёруғ ва шинам хоналарда, қулай шароитда кўрсатилади.  

—  Туманда 210 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди Қибрай тумани ДХМ бўлим бошлиғи Нодир Юлдашев.  — Марказимиз орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига жорий йилнинг шу  кунига қадар жами 44 минг 252 та давлат хизмати кўрсатилди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва сонини  янада ошиширишни кўзда тутганмиз. Марказ янги биноси Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганлигининг 3 йиллиги олдидан қибрайликлар учун  муносиб совға бўлди.

Марказда аҳолига бир вақтнинг ўзида 150 га яқин тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматлари кўрсатилади. Электрон навбат олиш учун инфокиоск, 26 та қабул ойнаси, кутиш жойлари, мўъжаз кутубхона, болалар майдончаси, буфет, туман адлия бўлими, инвесторлар учун алоҳида хона, банк шахобчаси ташкил этилди. Электрон навбат 8та мониторда кўриниб туради. 4 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус бурчак ташкил этилган. Марказ биносида Бош вазир қабулхонаси ҳам ўрин олган. Марказда имконияти чекланганлар учун ҳам қулай шарт-шароит яратилган.

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими