Бу ҳақда Қирғизистон ОАВлари хабар бермоқда.

Президентнинг эътирозлари Окийкатчи (Омбудсман), Бош прокуратура, Президент ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар миллий агентлиги, Миллий фанлар академияси, Адлия вазирлиги ва Конституциявий суднинг хулосалари асосида тайёрланган.

“Икки ёки кўпхотинлик учун жиноий жавобгарликни сақлаб қолиш Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига мос келади. Бу давлатнинг гендер тенглиги ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқлигини кўрсатади, аёллар ва болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий тенгсизликдан ҳимоя қилади, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашга ёрдам беради”, деди давлат раҳбари ўз эътирозида.

Ҳозирда кўпхотинлилик учун ахлоқ тузатиш ишлари ёки катта миқдорда жарима солинади.

Депутатлар Нурланбек Азигалиев ва Медербек Саккараев аввалроқ Жиноят кодексига ўзгартириш киритиш ташаббуси билан чиққан эди. Ҳужжат парламент томонидан июнь ойи охирида қабул қилинган эди, деб хабар берди report.az.