Меҳмонлар 2 март куни очиқ осмон остидаги музей шаҳар  – Ичан-Қалъада куй-қўшиқлар билан кутиб олинди.

Музей — қўриқхона ҳудудидаги Тошҳовли саройида “Сулаймон тоғ — бутунжаҳон мероси объекти” деб номланган кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққан “Ичан-Қальа” давлат музей – қўриқхонаси директори Шоназар Матяқубов, “Сулаймон тоғ” тарихий – археология музей мажмуаси директори Султанбек Абдирахманов, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги вакили Нурзад Убекеева, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси вакили Ойжамол Қарамирзаева ва бошқалар ён қўшни - жон  қўшни ўзбек-қирғиз халқлари дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланаётганлигини қувонч билан таъкидладилар. Кўргазманинг очилиши ҳам ана шу ҳамкорликнинг яққол ифодаси бўлди.

Мезбонлар ва меҳмонлар миллатлараро меҳр-оқибатнинг, ҳамкасблараро ҳамкорликнинг рамзи сифатида бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этишди.

“Сулаймон тоғ” тарихий археология музей-мажмуаси директори С.Абдирахмоновга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Фахрий ёрлиғи тантанали равишда топширилди.

Кўргазмадан ўрин олган экспонатлар ва уларнинг нусхалари, турли фото ва тасвирий санъат намуналари Хивага ташриф буюрган хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Маданий алоқалар ҳар икки музей ходимларининг ўзаро тажриба алмашинувига, соҳа ривожига хизмат қилиши билан бир қаторда ҳеч шубҳасиз, миллатлараро дўстлик ҳамда халқаро туризм тараққиётида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Ушбу кўргазмани  йил охиригача намойиш этиш режалаштирилган.

Мақсудбек АБДУРАСУЛОВ,

Хивадаги Ичан-қалъа музей қўриқхонаси илмий ходими