Президентимиз жорий йилнинг 27–28 июль кунлари  Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Бағдод туманидаги “Хитой” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, қишлоқнинг  меҳмондўст, меҳнаткаш, самимий одамлари билан суҳбатлашди, уларнинг бугунги қайноқ ҳаёти билан танишди. Бу ташриф кўҳна  қишлоққа янги ҳаёт нафасини олиб келди, одамлар кайфияти, руҳиятини кўтарди.

Қишлоқнинг Хитой деб аталиши бўйича иккита ривоят бор. Улардан бирига кўра, бу ердаги  ўтлоқда  икки ака-ука  қирқта той боқиб, шу ерда қўним топган. Иккинчи ривоятга кўра эса,  Қўқон хонининг  қирқта тойи шу ерларда йўқолиб қолган.

Йиллар давомида қулоқдан қулоққа ўтиб келган  “Қирқта той” сўзи ўз шакл-шамойилини ўзгартириб “Хитой” бўлиб кетган экан. Аслида, ҳар бир ривоят ортида ҳаёт ҳақиқати ётади.  Қадимдан серсув, ўтлоқ маскан сифатида эътироф этилган қадим қишлоқда ҳозир ҳам чорвачилик, деҳқончилик ривожланган.

Қишлоқда 2 минг 800 га яқин аҳоли яшайди.    Кейинги йилларда аҳоли турмуш тарзи ва фаровонлигини ошириш, хизмат кўрсатиш  ва саноат тармоқлари фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳудудни ҳар жиҳатдан обод гўшага айлантиряпти.

Эски пастқам деворли уйлар ўрнида замонавий уй-жой, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари қад ростлади. Нафақат томорқачилик, шу билан бирга, тикувчилик, мебелсозлик, темирчилик, паррандачилик, балиқчилик йўналишларида  янги ишлаб чиқариш тармоқлари ташкил  этилди.

Асосан ёш кадрлардан ташкил топган маҳалла “бешлиги” фаоллиги,  аҳолининг ҳамжиҳатлиги  туфайли  “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 4,5 километр ички йўлнинг бир қисми асфальтланди, бир қисмига шағал ётқизилди. Ичимлик сув, электр таъминоти тубдан яхшиланди, 2 та трансформатор ўрнатилди. Равон кўчалар, обод ва файзли хонадонларнинг бугунги кўринишидан кўз қувнайди, дил яйрайди. Эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар одамлар кайфиятини кўтариб янги марра, мақсад сари ундамоқда.

— Давлатимиз раҳбарининг хонадонимизга келганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, — дейди маҳалла фахрийси Абдуғаффор Халилов. — Мўътабар меҳмонимиз билан дийдорлашув онларидаги ҳаяжонларимни сўз билан ифодалай олмайман. Шавкат Мирзиёев биз билан ўта самимий, қадрдонлардек очиқ суҳбат қуриб, ҳаётимиз, муаммоларимиз ҳақида ўзимиздан эшитиш ниятида эканлигини бот-бот таъкидлади. Гапларимизни эътибор билан тинглаб, кўплаб маслаҳат, ўринли таклифлар берди.  Кўп йиллар қишлоқ хўжалиги ва бошқарув идораларида  фаолият юритдим. Қаерда ишламай, эл-юрт манфаатини барча нарсадан устун қўйдим. Турмуш ўртоғим Раънохон билан беш фарзандни тарбиялаб, элга қўшдик. Бугун уларнинг роҳатини кўриб, кексалик гаштини суриб яшаяпмиз.  Президентимиз келиб-кетганидан буён, хонадонимиздан меҳмонларнинг қадами узилгани йўқ. Ҳамма бизга ҳавас қилиб, таассуротларимизни сўрашаяпти.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташрифидан сўнг маҳалла  яна ободликка юз тутди.   Ҳудуддаги 22-умумтаълим мактаби учун 210 ўринли қўшимча бино, маҳалла фуқаролар йиғинининг замонавий биносини қуриш борасида амалий ишлар бошланди.

Маҳаллада аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, одамлар бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш борасида кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.  Шу кунларда “маҳаллабай” ўрганиш жараёнида аниқланган 187 нафар ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Абдураҳмон Жалолов  12 сотих майдонда савбазвотчиликка ихтисослашган деҳқон хўжалиги ташкил қилиб, аччиқ қампир етиштиришни йўлга қўйиган. Баравж ривожланаётган экинлар ҳосил мўллигидан дарак бериб турибди.

— Ўтган мавсумда 45 миллион сўмдан зиёд даромад олганмиз, — дейди миришкор. — Маҳсулотнинг асосий қисмини қуритиб олишга ҳаракат қиламиз. Чунки қиш ва эрта кўкламда қуруқ  қалампирга бўлган талаб ортади, нархи ҳам қимматлашади. Яқин вақтларга қадар рўзғор ташвишида ўзга юртларда ишлашга мажбур бўлгандим. Маҳалла мутасаддиларининг амалий ёрдами билан қўшимча даромад топиш имконияти яратилди. Меҳнат қилиб кам бўлганимиз йўқ.

Қишлоқда бундай тадбиркорлар сони тобора кўпаймоқда. Соҳибжон Акбаров гўшт йўналишида 1000 бошдан ортиқ парранда, Арабжон Сирожиддинов Африка балиқлари етиштириш борасида янги лойиҳаларни ишга туширди.

— Бу мақсадлар учун умумий қиймати 1 миллиард 632 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 27 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.  Ўттиз нафардан ортиқ ишсизга деҳқон хўжалиги фаолиятини юритиш учун 3,6 гектардан ортиқ ер майдони ажратиб берилди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Охунжон Холдоров. — Амалий  ишлар натижасида 100 дан зиёд аҳоли  бандлиги таъминланди. Президентимизнинг маҳалламизга келиши бу борадаги ишлар салмоғини янада ошириш имкониятини бермоқда.

Маҳалладаги 637 та хонадонда 758 оила яшайди. Ҳар бир оиланинг ўзига хос яшаш тарзи, амаллари бор. Эътиборли жиҳатлардан бири, кейинги йилларда эрта никоҳ, ажрим, нотинч оила сингари  салбий кўринишлар барҳам топиб бормоқда. Бунда, албатта маҳалладаги ҳамжиҳатлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатишдек эзгу амалларнинг ўрни катта.  

— Ҳар қандай муросасизлик, уруш-жанжал ортида бекорчилик, етишмовчилик туради, — дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Дилором Мамажонова. — Ёшларни турмушга тайёрлаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш кундалик амалларимиздан. Хонадонбай ўрганишларимиз давомида ишсизлиги сабаб биринчи тоифа “Аёллар дафтари”га киритилган 74 хотин-қизнинг 30 нафари турли соҳаларга  ишга жойлашди, 28 нафари ўзлари қизиққан касб-ҳунар йўналишидаги қисқа ўқув курсларида малака ошириб келишди,  14 нафарига эса субсидия асосида тикув машиналари олиб берилди.

Тадбиркор  Олтиной Турдалиева касаначилик  асосида болалар трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Айни кунда маҳалладаги бўш турган бинода касаначилик ва “уста-шогирд” анъанаси асосида маҳалладаги ўндан ортиқ хотин-қизни иш билан таъминлади.  

— Яқингача кўп вақтимизни дала юмушлари, пахта йиғим-теримида ўтказсак-да, меҳнатимизга яраша манфаат кўрмасдик, — дейди Ойдина Раҳмонова.  — Президентимиз ташаббуси билан энди қишлоқ аёллари ҳам ўзи танлаган соҳада ишлаш имконияти эга бўлди. Оилавий шароитимни ҳисобга олиб, субсидия асосида тикув машинаси беришди. Эндиликда уй юмушлари, фарзанд тарбиясидан ажралмасдан тикувчилик билан шуғулланиб, даромад  топиш имкониятига эга бўлиб, оилам корига яраётганимдан хурсандман.

Маҳаллада ёшлар ташаббусини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ишлари яхши йўлга қўйилгани учун  “яшил” тоифа мақоми берилган.

Бу бежиз эмас. Сўнги икки йилда  ёшлар иштирокида жиноят содир этилмади. Президентимиз маҳалла ёшлари билан қилган мулоқотида 5 нафар иқтидорли ёшга имтиёз асосида ўқишга кириш учун тавсиялар бергани маҳалла  ёшлари  қалбига қувонч, мамнунлик олиб кирди.

Маҳаллада яшаётган ёшлар  700 дан зиёд. Уларни бир мақсад йўлида бирлаштириш учун турли спорт  беллашувлари, кўрик-танловлар ўтказиш анъанага айланган. Ҳудуддаги 22-умумтаълим ва 2-иқтидорли болалар мактабида спорт ва фан тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Дониёржон Иброҳимов мураббийлик қилаётган кинг бокс спорт тўгараги аъзоси Жамшидбек Раҳмоналиев вилоят, республика ва халқаро мусобақалар ғолиби бўлди. Умиджон Иброҳимов  Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ўтказилган “Беш ташаббус” олимпиадасида ошпазлик йўналишида маҳалла ва  туман босқичида биринчи, вилоятда 3-ўринни қўлга киритди. Танлов ғолиби қимматбаҳо совға билан тақдирланди. Бу рағбат ва эътибор ёш ошпаз фаолиятида  янги имкониятларга қанот бўлди. Маҳалла ҳудудида умумий овқатланиш ва кабоб тайёрлаш маркази фаолиятини йўлга қўйиб, 4 нафар ёш бандлиги таъминлади.

Ёш тадбиркор Абдулазиз Ҳайдаров ташаббуси  билан  “Хон карвон” хусусий корхонасига асос солинди. Бу ерда  ўндан ортиқ  турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

— Бу каби мисоллар кўп, — дейди қишлоқ ёшлари етакчиси Мирзараҳим Мирзараҳмонов. — Ёш тадбиркор Оллаберди Мадаминов ташаббуси билан чўмилиш ҳавзаси қурилди, Мирзараҳим Жамолиддинов эса савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиб, ўнлаб янги иш ўрни яратди.  Давлатимиз раҳбарининг маҳалламизга келиб, ёшлар билан қилган амалий мулоқотида айтган фикр-мулоҳазаларини дастуриламал қилиб олдик. Бу ёшлар учун муносиб шарт-шароит яратиш, манфаатини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш дегани.

Сирасини айтганда, шу кунларда  “Хитой” маҳалласида кўтаринки кайфият, жўшқинлик ҳукмрон. Ким билан гаплашманг, Президентимизнинг маҳаллага ташрифидан руҳланганини, чекка қишлоқ ободликка юз тутаётганини мамнунлик билан таъкидлайди.

 Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири