Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси замонавийлашиб, рақобатбардош соҳага айланмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси муҳим аҳамият касб этаётир.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги вакиллари иштирокидаги тадбирда қишлоқ хўжалигининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, экспортчиларни қийнаётган муаммолар ҳақида сўз борди.

Қайд этилганидек, экспортчилар ўзларини мамлакат иқтисодиётининг муҳим таркибий қисми эканини чуқур англаган ҳолда, вазиятни ўзгартиришга жиддий киришмоқда. Аммо тизимда ҳал қилинмаган масалалар ҳам кўп. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, ўсимлик маҳсулотларида пестицидлар қолдиқлари ва бошқа кимёвий ифлослантирувчи моддалар миқдорини чеклаш бўйича меъёр ва қоидалар Алиментариус Кодекси параметрларига мос келмайди. Бу эса Кодекс стандартлари жорий қилинган давлатларга маҳсулотларни экспорт қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда.

Бугун юртимизда рўйхатга олинган 72 фаол модданинг 60 фоиздан ортиғи (43) Европа Иттифоқи ҳудудида фойдаланишига рухсат этилмаган. Бу ушбу пестицидлар билан ишлов берилган боғдорчилик маҳсулотларини Европа Иттифоқига экспорт қилиш мумкин эмаслигини англатади. Пестицидлардан тўғри фойдаланиш бўйича регулятор томонидан ҳеч қандай назорат йўқ. Масалан, Ўзбекистонда фойдаланишга рухсат этилган хлорпирифос, метомил, асефат ва пропаргит Европа Иттифоқи ва бошқа бир қатор мамлакатларда тақиқланган. Пестицидлар ва ўғитларни олиб кириш, ички савдо ва тарқатиш тизими тартибга солинмаган, назорат қилинмайди. Европа Иттифоқи ёки Кодекс қоидалари жорий қилинган бошқа мамлакатларга экспорт қилишда Ўзбекистонда Кодекс ва/ёки Европа Иттифоқи параметрларига мувофиқ маҳсулотларни ПДК (концентратларнинг рухсат этилган даражаси) учун синовдан ўтказувчи аккредитацияланган токсикологик лабораториялар мавжуд эмас.

Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш билан бирга, экспорт мутахассисларнинг ахборот ва амалий ёрдами, GAP (мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти), GHP (гигиена амалиёти), GMP (ишлаб чиқариш амалиёти) сингари жаҳон амалиётларини жорий этиш зарур.

Давра суҳбатида фитосанитарияни тартибга солиш бўйича мутахассислар тартибга солиш меъёрларини зудлик билан ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.