2022 йил 9 мартда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда агентлик ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда космик ва геоахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича икки томонлама ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Учрашув доирасида шунингдек, юқори аниқликда ерни масофадан зондлаш материалларидан фойдаланишни йўлга қўйиш, республиканинг маълум бир вилояти ёки тумани шароитида қишлоқ хўжалиги ерлари ва экин майдонларида космик мониторинг тизимини жорий этиш масалалари муҳокама этилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида»ги  2019 йил 31 августдаги Фармони билан ташкил этилган. Агентликнинг асосий вазифаларидан бири стратосфера ва бошқа учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, ерни масофадан туриб зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаган ҳолда давлат органларига турли масалаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишда кўмаклашишдан иборат.