Қишлоқларнинг меъморий қиёфасини янгилаш, аҳолининг турмуш маданиятини яхшилаш, деганда кўз ўнгимизга, энг аввало, йўллари равон, ичимлик сув, электр энергияси билан таъминланган, замонавий боғча, мактаби ва ихчамгина шифохонаси бўлган маскан келади. Қишлоқ билан туман ёки шаҳар маркази орасидаги масофани автобуслар яқин қилса, мобиль алоқа, интернет тармоғи мунтазам ишлаб турса, янада яхши. Ана шундай қулайлик ва ижтимоий объектлар жамланмаси инфратузилма деган сўзда ифодасини топади.

Бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ мавжудлиги масаланинг нечоғли долзарблигини кўрсатади. Президентимиз раислигида шу йил 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилганидек, қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу сабабли бу йил мазкур дастурлар янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, 206 та туман ва шаҳар ҳокими, йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашилиб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Бунда ободончилик билан бир қаторда иш ўринлари очиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туманда комплекс тадбирларни амалга оширишга киришилди.

Қишлоқлар қандай танлаб олиняпти?

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришнинг янги йўналишлари белгилаб берилди.

— 2020 йил 17 январда мазкур лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси билан 100 миллион АҚШ доллари ҳамда ўтган йил 28 майда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 82 миллион АҚШ доллари миқдорида 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга кредит битимлари имзолаган эди, — дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси директори Зафар Ўроқов. — Унинг жами миқдори мамлакатимизнинг улуши билан қўшиб ҳисоблаганда 183,6 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа беш йил давомида иқтисодий ва ижтимоий ривожланишдан нисбатан ортда қолаётган 21 та тумандаги 300 дан ортиқ қишлоқни қамраб олади.

Кўриб турганингиздек, ишлар кўлами кенг. Табиий савол туғилади, лойиҳадан жой олаётган қишлоқлар қандай тамойиллар асосида танлаб олиняпти?

— Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳудудларда гуруҳлар тузилиб, улар томонидан барча маҳаллалар ўрганиб чиқилмоқда, — дейди Зафар Ўроқов. — Уларнинг рўйхати Жаҳон банки томонидан белгиланган мезонлар асосида шакллантириб борилади. Барча аҳоли пунктларида маҳалла тараққиёт гуруҳлари ташкил этилади. Бу гуруҳлар ўз йиғилишларида қайси ижтимоий объектни қуриш ёки реконструкция қилиш каби масалаларни ўзлари ҳал қилади ва унинг ижросини мониторинг қилишда иштирок этади. Белгиланган тамойилга кўра, овоз бериш ва қишлоқ миқёсидаги қарорларни қабул қилишда маҳалла тараққиёт гуруҳлари аъзоларининг 50 фоизи аёллардан иборат бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Яна бир жиҳати, ҳар бир қишлоқ миқёсида ажратиладиган маблағ аҳоли жон бошига 160 AҚШ доллари атрофида бўлиши белгиланган.

Дейлик, бир қишлоқда замонавий боғча, мактаби мавжуд ҳолда, сифатли ичимлик сув бўлмаслиги мумкин. Бошқа бирида электр энергияси масаласида муаммо катта. Демак, шу масалаларга алоҳида урғу берилади. Қайси объектга алоҳида аҳамият беришни, яъни, биринчи навбатда, бу борада инфратузилмани вужудга келтиришни қишлоқ аҳлининг ўзи йиғилишда ҳал қилади. Масалан, Андижон вилояти Пахтаобод тумани “Соҳил” маҳалла фуқаролар йиғинида 264 ўринли янги замонавий мактаб қурилиши белгиланди ва лойиҳалаш ишларни амалга ошириш мақсадида тендер эълон қилинди.  Унда “Андижонфуқаролойиҳа” МЧЖ ғолиб деб топилди ва айни пайтда зиммага олган вазифаларни шартнома асосида бажаришга киришди.

Жиззах вилояти Бахмал туманида эса “Сарой” МФЙдаги умумтаълим мактабидаги мавжуд шароитлар бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермаслиги аниқланган. Шу боис мактабда капитал таъмирлаш ишлари олиб бориладиган бўлди.

Тумандаги 5 та МФЙда тоза ичимлик сув, яна учтасида электр энергияси, кўприк ва ички йўлларни таъминлаш учун лойиҳачи ташкилотлар учун танловлар эълон қилинади.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган қарорида белгиланганидек, ҳар бир вилоятдаги қишлоқлар аниқлангандан сўнг уларнинг тегишли сублойиҳалари бўйича техник-иқтисодий ҳисоблар ишлаб чиқиляпти ва экспертизадан ўтказиляпти. Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари буюртмачи ҳисобланади. Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи билан ушбу компаниялар ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланади. Водий вилоятларида маҳалла тараққиёт гуруҳлари фаоллари иштирокида ўтказилган тендер жараёнлари якунланди.

Қайд этиш жоиз, лойиҳа доирасида Жаҳон банкининг қатъий экологик ва ижтимоий тамойиллари қўлланилади. Бунда маҳаллаларда яшовчи аҳолининг меҳнат ва хусусий мулк бўйича ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда  ҳимоя қилишни ҳам назарда тутади. Умуман олганда, мазкур ишлардан 1 миллион 330 мингдан ортиқ қишлоқ аҳолиси манфаат кўриши кутилмоқда.

Мурожаатларни амалга оширишнинг самарали механизми йўлга қўйилган. Лойиҳада иштирок этаётган қишлоқларда мурожаат қутилари ўрнатилган, аҳоли ўз фикр-таклифларини мобиль расмий веб саҳифа ва ишонч телефонлари орқали ҳам бидириши мумкин.

Айни пайтда ушбу механизмни янада такомиллаштириш мақсадида телеграмм тармоғида мурожаатлар профили ва расмий веб саҳифада онлайн чат очилди. Лойиҳани амалга ошириш гуруҳидан бириктирилган масъул мутахассислар уларни доимий равишда кузатиб боради.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи