— “Ойижон, “сеп” дегани нима ўзи?

Саккиз ёшли қизимнинг ногоҳ берган саволидан ажабландим.

— Нима учун бу саволни беряпсан?

—Ўзим шунчаки қизиқяпман, - деди қизим ширингина оҳангда.

— “Сеп” бу қизларни турмушга узатаётган пайтида берилаётган нарсалар жамланмаси, деб тушунтира бошладим.

— Унда менинг сепимга нималар оляпсиз?

— “Бу нима деганинг?” - дедим жаҳлим чиққандай бўлиб. – Ҳали сенга бу ҳақида гапиришни ким қўйибди?

— Кеча кўчамизда икки қўшни аёл гаплашиб турганда уларнинг бири, “Вой айланай, оилада қиз фарзанд туғилдими сандиққа сеп йиғишни бошлаш керак”, деди-ку...

Қизим гарчи берган саволининг мазмунини англаб етмаган бўлса-да, ёниқ кўзлари савол назари билан боқиб турганидан нима деб жавоб қайтаришни ҳам билмай каловланиб қолдим. Шунақасиям бўлар экан-да...

— А, ойижон? Сизга айтяпман...

— Сен, сен... бу ҳақида ўйлашга ҳали кичкинасан. Кейин-чи, кўчадаги аёлларнинг гапига қулоқ солма, хўпми?

Қизим яна бошқа мавзуларда сўзлай кетди. Аммо хаёлимни турли фикрлар чирмаб олганди...

Гул ўсса — ернинг кўрки, қиз ўсса — элнинг кўрки, дейди доно халқимиз. Оилада қиз фарзанд дунёга келдими, отага меҳрибон, онага суянчиқ, миллат эртасини давом эттирувчи бўлади, дея қувонамиз. Ойлар кетидан ойлар, йиллар кетидан йиллар ўтиб борар экан ҳар бир ота-она бўйга етаётган қизининг эртанги куни учун замин ҳозирлаб боради. Энг аввало қизни илмли ва маърифатли қилиб камолга етказиш ота-онанинг олдида турган энг биринчи вазифадир. Бу ўринда китобга меҳр уйғотиш муҳим аҳамиятга эга. Ўткинчи ҳою ҳавасга берилиб қиз болани кийим-кечак, турли буюмларга ўч қилиб тарбиялашнинг оқибатини ҳаёт давомида кўриб, тегишлича хулоса чиқариб келмоқдамиз. Айниқса, бўй етган қиз узатилаётганда ота-онасининг зиммасидаги вазифа икки баробарга ошиши, ҳеч кимдан кам қилмасдан тўла тўкис қилиб ўзга хонадонга узатиш йилдан- йилга янги урф-одатлар билан “бойимоқда”.  

“Қизни бешиккa сoл, сепини сaндиққa” ёки “Келинни келгaндa кўр, сепини ёйгaндa кўр”, дейилганида нафақат келиннинг сепи  унинг “қaдри ва қимматини”, шу билан бир қаторда агар шу мазмундаги халқ мақолларининг моҳиятини тўғри таҳлил қиладиган бўлсак, қиз болани ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашдек мазмун касб этади, назаримизда.

Шу ўринда онамнинг жуда кўп такрорлайдиган бир гаплари ёдимга тушди: “Сепли келиб серилдим, сепсиз келиб керилдим”.

Мен ёшгина қиз пайтим биринчи эшитганимда бунинг мазмунини тушунмаганман. Орадан вақт ўтиб бўй етган опамга бунинг мазмунини ўз ҳаётлари мисолида тушунтираётганликларини эшитиб, асл маъносини англагандай бўлганман. Яъни, онамнинг 12 ёшида онаси, 20 ёшида эса отаси оламдан ўтган эканлар.

Амакиси ва келинойисининг қўлида улғайиб уларнинг кўмагида турмушга узатилган онамнинг сеп сандиғида саноқли буюмдан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаган экан. Ҳатто ўша пайтда жуда урф бўлган ва ҳозиргача давом этиб келаётган тилла зирак ва узук ҳам олиб бериша олишмаган экан.

Аммо онамнинг сеп сандиғида “Тиббиёт энциклопедияси”, “Уй-рўзғор энциклопедияси”, Навоий асарларидан намуналар, “Ўткан кунлар” сингари асарлар ўрин олган экан. Онам мазкур тўпламларнинг барчасини ўқиб чиққани сабаб билим доираси кенг ва мулоҳазали, жуда меҳнаткаш, ҳунарли қиз бўлган. Шу боис ҳам келин бўлиб тушган хонадонида меҳр қозониб, мана 35 йилдирки фаровон турмуш кечириб келишмоқда.

Мени ўйлантирадигани 35 йил аввалгидагидек ҳолат ҳозир ҳам такрорланса қандай бўлар экан? Бугуннинг қизлари ҳеч бир матоҳларсиз турмушга чиқишга рози бўлармикан? Ота-оналар-чи? Қўл учида аранг рўзғор тебратаётган хонадон эгалари қизини узатаётганда қарз олиб ҳою-ҳавасни ўрнига қўйгандан кейин қарз тўловига келганда не-не азобларни ўзига дучор қилаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Айниқса, айниқса... бугуннинг йигитлари ёки қайноналари хонадонига сепсиз келаётган келинни қандай қабул қилар эканлар? Саволлар бисёр. Жавобини ўйлаб эса юрагимда алланечук оғриқ пайдо бўлади.  

Маълумотларга кўра, юртимиздаги оилалар ўртасида бўлаётган ажримларда олий маълумотга эга эр-хотин, ўқимишли оилалар ўртасида ажралишлар умумий ажримлар сонининг жуда кам фоизини ташкил қилар экан. Бундан кўриниб турибдики, фарзанднинг илм олишига эътибор унинг келажагини ҳам фаровон этади.

Юқорида узатилаётган қизнинг сепи хусусида сўз очган эдик. Сеп деганда фақат моддий нарсалар (мебель, тилла буюмлар, чинни, гилам, маиший анжомлар)ни тушуниш ҳам маънавиятсизликнинг бир кўриниши, аслида. Айтишларича, грузинлар қизларининг сепига Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” китобини солишар экан. Шу китоб бўлмаса, сепи тўлиқ ҳисобланмасмиш. Қанчалик ибратли иш. Қувонарлиси, юртимизда истиқомат қилаётган кўплаб хонадонларда қизнинг сепига китоб қўшиб узатиш анъанага айланаётгани кўп бора қулоғимизга чалинмоқда.

Яқинда интернет сайти орқали Сурхон воҳасининг Денов туманида келин сепи борасида янгича урф қўшилгани, яъни деновликлар сепга халқимизнинг чинакам қаҳрамонлик тимсоли бўлган “Алпомиш” достонини қўшиб бериш анъанаси пайдо бўлганини ўқиб қувондим. Бу достон воситасида оила қураётган ёшлар оилага ва она-Ватанга муҳаббат, ёрга вафо ва садоқат, шунингдек, жўмардлик ва шижоат, адолат ва холислик, сабр ва матонат таълимини ўрганишлари алоҳида таъкидланади.

— Китоб – инсонни ҳар томонлама тарбиялайди, — дейди пойтахтимизнинг Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Муҳаббат ая Муродова. — Китобга ошно бўлган, касб-ҳунар ўрганган қизлар ўзга хонадонга келин бўлиб борганида ҳам ўша уйдаги муҳитга тезда кўникиб кета олади. Бунга ҳаёт давомида кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Мен ҳам 3 нафар келиннинг қайнонасиман. Келинларим давлат идораларида масъул лавозимларда фаолият юритишмоқда. Мен уларга ҳаётда ибрат бўладиган турли маслаҳатлар бериш қаторида ҳар ойда оладиган маошидан, албатта, китоб сотиб олишини, уйида ўзи ва фарзандлари учун кутубхона яратиш ва уни мунтазам янги адабиётлар билан бойитишни ҳамда бўш вақтида ўша китобларни мутолаа қилиб боришларини доим уқтираман.

Ҳа, онажонларимизнинг: “Қизимнинг сепига Хитойнинг соф чинниларидан фалон жамланма қилдим”, дея мақтанишларидан олдин “Миллий Энциклопедиянинг ҳар бир чиққан томини олдим”, дея фахрланишлари, “Фалон давлатнинг қиммат мебелидан олдим”, дея кўкрак керишларидан аввал “Қизимнинг сепига ҳазрат Навоийнинг “Хамса”сини олдим”, деб ғурурланишлари, “Тилла занжирнинг ундоғидан, зирак ва узугини бундоғидан қилиб бердим”, деб кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратишдан аввал, “Жаҳон мумтоз адабиёти намуналаридан сеп сандиғига солдим”, деб китоб ўқишнинг қизлар тарбиясига таъсири хусусида гапириб беришлари нақадар чиройли.

Бу орада яқинларингиздан бири, “Қизингиз янги хонадонда уй юмушларидан ортиб китоб ўқиб ўтиришга вақт топармикан”, дея савол ташлаши, яна кимдир: “Китоб қизингизни бой қилармиди”, дея саёз фикрлаши ва шу сингари кесатиқ гаплар бўлиши ҳам тайин. Сизнинг гапларингиз улар учун баландпарвоз гапдек туюлиши ҳам мумкин. Аммо сизни маънавиятли, теран фикрлайдиган инсонлар қўллаб-қувватлайди. Йиллар ўтиб сиз тутган йўлнинг нақадар тўғри эканини ва унинг самарасини кўраверасиз.

 — Оилада жавон тўла нодир китоблар териб қўйилса-ю, уни ўқимаслик, ўзгалар ҳам ундан бахра олмаслиги бу маънавиятсизликнинг бир белгиси, — деди Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Қаҳрамон маҳалласида истиқомат қилувчи нафақадаги педагог Зулайҳо ая Маманазарова.  ——  Афсуски, орамизда китобни шунчаки хўжакўрсинга йиғадиган, уни ўқимай фақат китоблар сони билан мақтанадиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо китобни ўзига дўсту қадрдон, энг яқин маслаҳатгўй деб билган инсонлар келажагини мана шу жавонлардаги китобларни ўқиш орқали тасаввур қилади. Фарзандларига ҳам унинг моҳиятини уқтириб қадди бўйини, хулқ-атворини ҳам ана шу ҳаёт нафасидан ранг олган гўзалликлар билан безайдилар.

— Қиз боланинг тарбияси нозик ва бу борада меъёр нуқтасини топиш билангина натижага эришиш мумкин,  — деди журналист Садоқат Самандарова. — Меҳр ҳам, қаттиққўллик ҳам, назорат ва эркинлик ҳам керак. Аммо барчаси меъёрда, "туз-намаги" жойида бўлиши лозим. Бу борада китоблар қизларга ёрдам бергувчи маёқ кабидир. Тарбияни меъёрлаштириб тургувчи тарозидур. Шунинг учун ҳам кўп китоб ўқиган қизлар ўзини қаерда қандай тутишни яхши тушунишади. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Биз яшаётган жамият қоқ иккига бўлинган олма кабидир. Унинг бир палласи зиёлилар қатлами бўлса, иккинчиси маиший турмуш дардида овворалар сингаридир. Қизининг сепига китоб йиққан ота-она фарзандини ўзи каби биринчи палла вакилларига узатишга катта аҳамият қаратиши лозим. Акс ҳолда, турмуш ўртоқларининг ўзи каби кўп китоб ўқишга ўргатиши учун улардан  катта сабр, ирода ва матонат сарфлаш талаб қилинади.

Фикрларимни қоғозга туширишдан аввал қизимнинг, “Ойижон, менинг сепимга нималар оляпсиз”, дея болаларча таажжубланиб берган саволига жавобим ҳам тайёр. “Қизим, қиз боланинг энг катта сепи — маънавий баркамоллиги. Маънавий баркамолликка эса китоб ўқиш, илм олиш, ҳунар ўрганиш орқали эришилади. Шунинг учун ҳам сенинг сепингга солиш учун КИТОБлар оламан...”, дейман ҳамиша ишонч билан.  

Дилфуза МАҲКАМОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси