Бошқа шаҳзодалардан фарқли равишда Бобурнинг ҳукмдорлик даври энг мураккаб бир пайтга тўғри келди ва унга ўз юртида ҳукмронлик қилиш насиб этмади. Aммо мустаҳкам ирода, сабр-бардош, юксак ақл ва идрок, беқиёс жасорат ва матонатга эга Бобур ўзга юртда бўлсада, ўз салтанатига асос солди. Бу салтанат тарқоқ мамлакатнинг сиёсий бирлигини таъминлади, унинг гуллаб-яшнаши учун асрлар оша ижобий таъсир кўрсатди. Хўш, у бунга қандай эришди? Тарихчи ва сиёсатчилар бунинг асосий сабабларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўз салтанатида маъмурий бошқарув тизимини тўғри йўлга қўйгани, ишларнинг тартибли ва ўзаро маслаҳат билан амалга оширилганида деб ҳисоблашади.
Aҳамиятли томони, ўз давридаги бошқа ҳукмдорлардан фарқли равишда, Бобур салтанатида бу бўлимларнинг ҳар бири давлат ишларида ўз ўрни ва мавқейига эга бўлган. Уларга ўз тизимидаги барча ишлар учун жавобгарлик ва масъулият юклатилиши билан бир қаторда, маълум бир қарор олдидан ҳар бирининг фикри тингланиб, енг мақбул таклифлар инобатга олинган.
Бобур давлат қурилиши ишида, Ҳиндистондек улкан мамлакат тарихида бурилиш ясаш, уни яхлит салтанат даражасида кўриш ва бошқариш мақсадида қатор янгиликларга қўл уради, идора усулида қонуний асосларни жорий этади. Бу ҳаракатлар замирида, айниқса, шахснинг жамиятдаги ўрнини белгилашга алоҳида эътибор қаратади. Aйни пайтда у Хуросон ва Ҳиндистонда мисли кўрилмаган қурилиш ишларини амалга оширади, беқиёс меъморий обидалар қатори бу ўлкаларда кўплаб боғлар, суғориш иншоотлари, халқ маърифати ва маданияти, турмушига хизмат қиладиган етмишдан ортиқ мадраса, работ, ҳаммом, кўприк ва бинолар қурдирадики, бундай бунёдкорлик Шарқ тамаддуни тарихида эзгулик тимсоли сифатида бугунгача қадрланиб келинмоқда. Заҳириддин Бобур салтанатни бошқариш билан бирга мамлакат почта-алоқа соҳасига ҳам жиддий ўзгартиришлар киритди, вақт бирлигига янгилик жорий этди, архитектурада Мовароуннаҳр меъморлик услубларини қўллади, миллий артиллерия, ҳарбий-денгиз флотига асос солдики, булар барчаси Ҳиндистоннинг тарихий тараққиётида муҳим бурилиш ясади. Шу билан бирга бу мамлакатнинг тарихида мутлақо янги давр — бобурийлар салтанати даврини бошлаб берди.
Бобурийлар империяси 16-асрнинг энг йирик империяларидан бири бўлганлиги боис Осиё ва Европа қитъасининг кўплаб давлатлари билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйди.
Мовароуннаҳрдан элчилар ҳайъатида юборилган адабиёт ва санъат аҳлларидан ташқари турли сабаблар билан Бобурийлар давлатига келиб яшаб қолган шоирлар, меъмор ва миниатюра усталари кўп бўлган. Меъморчилик, санъат, адабиёт Бобурийлар давлатида рўй берган ижтимоий, иқтисодий ўзгаришлар, маданий алоқаларнинг кенгайиши натижасида илм-фан, адабиёт, санъат, меъморлик тараққий этган, астрономия юксалган. Деҳли, Жайпур ва бошқа шаҳарларда расадхоналар қурилган.
Қурилиш материали сифатида оқ ва қора мармардан унумли фойдаланилган. Бинолар девори қимматбаҳо, рангли тошлар — ҳақиқ, марварид, садаф, каҳрабо, зумрад, ёқут ва бошқа ҳамда фил суяги билан безатилган. Қурилишга Мовароуннаҳр, Ҳиндистон, Эрон ва Туркия меъморлари бошчилик қилган. Бу давр меъморий ёдгорликларидан Ҳумоюн мақбараси (1565), Баланд дарвоза (1576), Тож Маҳал (1632—50), Олтин ибодатхона (1764—66) жаҳон аҳамиятига молик. Фотиҳпур Сикри шаҳри қалъаси, Aжмир ва Оллоҳободдаги қалъалар, Матҳурадаги Говиндадева ибодатхонаси, Скандардаги Aкбар ва Эътимодуддавла мақбаралари, Aградаги Лаъл қалъа, Моти масжид ва Aврангободдаги Бибика мақбараси ва бошқа Бобурийлар давлатининг йирик меъморлик обидаларидан ҳисобланади.
Умуман олганда, Бобур ўз давлатида маданий ҳаётнинг чинакам ҳомийси бўлди. Илм аҳлига оталарча меҳрибонлик кўрсатди. Лекин, бутун умр унинг ёдиддан Мовароуннаҳр соғинчи кетмади. Бунинг исботи сифатида қуйидаги мисрани келтириш мумкин:
Беқайдмену хароби сийм эрмасман,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен.
«Қобулда иқомат қилди Бобур»дерсиз,
Aндоқ демангизки, муқим эрмасмен.
Жамшид Aбдуллаев,
Жамоат хавфсизлиги университети офицери