Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ана шу тамойилга амал қилган ҳолда ходимларининг қонунчиликдаги ўзгаришлар, жумладан, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари борасида хабардорлигини ошириш, уларнинг мазкур соҳадаги билимларини бойитиш масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Бунга турли соҳа вакиллари билан ташкил этилаётган учрашувлар, суҳбатлар ва машғулотларни мисол қилиб келтирсак бўлади. Самарқанд вилоят судининг судьяси О.Нуримов, Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг судьяси И.Ҳамроқулов иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги ана шундай учрашув  суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳамда янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳиятига бағишланди. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Маълумки, мазкур фармон билан ер участкаларини ажратишнинг шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ерни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш механизмлари белгилаб берилди.

— 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органларига эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади, — дейди О.Нуримов ўз нутқида. — Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳокимлар қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратиладиган бўлди. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади. Қисқа қилиб айтганда фармон ер муносабатларини амалга оширишда шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибни жорий этилишига, халқимизнинг умумий бойлиги бўлган ердан оқилона фойдаланишга, соҳадаги коррупцион ҳолатларни олдини олишга хизмат қилади.

Шундан сўнг, И.Ҳамроқулов 2021 йил 27 апрель куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунининг моҳиятини йиғилиш иштирокчиларига тушунтириб берди.

Таъкидланишича, қонунда фуқаролар ҳамда юридик шахсларга, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилди.

Йиғилишда Давлат хизматлари агентлиги ходимлари соҳага оид қонунчилик масалалари юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Ўтказилган амалий учрашув қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси

ахборот хизмати