Қоракўл тумани марказидаги маданият ва истироҳат боғи эндиликда "Ёшлар боғи" деб аталадиган бўлди. Боғнинг тарихига назар ташласак, унинг номи аввал ҳам бир неча бор ўзгарганига гувоҳ бўламиз. Собиқ иттифоқ даврида Киров номи билан аталган ушбу географик объектга 1985 йилнинг май ойида Фурқат номи берилган. 1991 йилнинг октябр ойидан то ҳозирги кунга қадар Тошпўлат Шермуҳаммедов номи билан аталиб келинаётган эди.

Жорий йилда боғ ҳудудида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусга монанд ҳолда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари туфайли у бутунлай янги қиёфа касб этди. Боғ марказида ташкил этилган ҳар бир йўлак ўзида бешта муҳим ташаббус ғояларидан бирини акс эттириши билан аҳамиятли. Йўлаклар бўйлаб юрар экансиз энди ёшларимиз маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини бемалол рўёбга чиқара олишига ишонч ҳосил қиласиз. Янги исми жисмига мос бўлган “Ёшлар боғи” яна узоқ йиллар қоракўллик ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.
Шерзод ҲАМРОЕВ,
Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалалари бўйича туман комиссияси раиси ўринбосари