Жорий йил 29 март куни туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йил юртимизга 7 миллион хорижлик ва 15 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, экспортни 2,5 миллиард долларга етказиш бўйича топшириқ берилган эди.

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талабалари томонидан Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Аввало, ОТМга бириктирилган туманлардаги сайёҳлик объектлари, яъни Элликқальа туманидаги 21 та, Хўжайли туманидаги 13 та ва Тахтакўпир туманидаги 14 та сайёҳлик манзилининг контенти яратилди. Соҳани ривожлантиришга таъсир қилаётган омиллар таҳлил қилинди. Ўрганилаётган сайёҳлик объектлари бўйича tsuetravel.com платформаси ишга туширилиб, Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларининг туризм контентлари жойлаштирилмоқда.

Маҳаллий туризм ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу туманларга сайёҳларни кенг жалб қилиш ва уларни ҳудудда 4-5 кун мобайнида олиб қоладиган жозибадор ва қизиқарли 12 та туризм пакети ишлаб чиқилди.

Шу йилнинг 1-2 июнь кунлари Элликқалъа туманида Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида “Саҳро садоси” ёшлар фестивали ўтказилди. Фестиваль ўтказиладиган жойлар сифатида тумандаги Ақчакўл, Аёзқалъа ва ёшлар оромгоҳи каби объектлар танлаб олинди. Тадбир давомида турли спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйини, миллий ўйинлар, қорақалпоқ миллий таомлари, миллий куй-қўшиқлар, расм чизиш беллашувлари ўтказилди. Уларга маҳаллий аҳоли билан бирга хорижлик сайёҳлар ҳам жалб қилинди.

Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларида фаолият юритувчи гид-таржимон ва экскурсия етакчилари учун сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш, жумладан, ўзини тутиши, нутқ ва кийиниш маданияти, туризм объектлари тўғрисидаги ахборотларни билиш ва уларни сайёҳларга етказиш, зиёрат одоби, зиёрат объектларида экскурсияга олиб боришнинг услубий асослари, диний масканларда экскурсия ўтказиш техникаси ва тарбиявий аҳамияти борасида батафсил маълумот берадиган услубий қўлланма ишлаб чиқилди.

Университет профессор-ўқитувчилари томонидан 5 та ихтисослик эгалари учун қисқа муддатли ўқув курслари ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилди. Шу асосда Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларидаги туризм ва сервис ходимлари малакасини ошириш, маҳаллий аҳолини туризм соҳасига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

Тадқиқотлар натижасида туризм соҳаси ривожига таъсир қилувчи қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, ушбу туманлардаги 17 та сайёҳлик объекти мавжуд сайёҳлик йўналишларига киритилмаган. Элликқалъа туманида экологик, агро, ов ва соҳил туризми, археологик туризм, Тахтакўпир туманида соғломлаштириш туризми ва Хўжайли туманида зиёрат туризми имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. Ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳияти жаҳон ахборот тармоқларида деярли тарғиб қилинмаган, гид-экскурсоводлар етишмаслиги сабабли саёҳатчиларга сифатли хизмат кўрсатиш имконияти паст даражада. Мавжуд сайёҳлик объектлари атрофида туризм инфратузилмаси қониқарли даражада эмас.

Университет профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари шу туманларда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида маркетинг тадқиқотлари олиб бормоқда. Шу билан бирга, мазкур ҳудудларда туризм соҳасини кенг ривожлантириш учун қатор ишларни бажариш режалаштирилган. Жумладан, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни кенг жалб қилиш, туманларнинг ўзига хос хусусияти ва табиий салоҳиятидан келиб чиқиб, халқаро рақслар фестивали, халқаро креатив блогерлар фестивали, халқаро талабалар форуми, энг креатив фотосурат танлови каби тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган.

Турли соҳаларда фаолият кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ягона мақсад сари ҳамкорликда ҳамда ўзаро ҳамжиҳат бўлиб кластерларга бирлашиши ҳудуднинг ички ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради. Кўпгина давлатларнинг туризм соҳасидаги тажрибаси шундан далолат берадики, кластерлар иқтисодиётнинг юқори самарадорликка эришишига хизмат қилади. Кластерларни шакллантириш мамлакатда мавжуд туризм ресурслари ҳамда афзалликлардан янада тўлиқроқ фойдаланишга йўл очади. Ҳар қандай ҳудуд доирасида туризм кластери шакллантирилиши соҳа тараққиёти муаммолари ечимини топишнинг таъсирчан ва ўта зарур усулидир.

Қолаверса, мамлакатимизда ҳудуд доирасидаги туризм кластерини қўллашнинг иккита сабаби мавжуд. Биринчидан, туризм кластеридан фойдаланиш маълум минтақада туризм соҳасини янада чуқурроқ, ҳар томонлама мажмуали таҳлил қилиш ва унинг истиқболини олдиндан белгилаш билан бевосита боғлиқ. Иккинчидан, кластерларни шакллантириш муайян ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти доирасида туризмни ҳамда унга турдош соҳаларни ривожлантиришнинг минтақавий стратегиясини ишлаб чиқишни, уларни асослаш ҳамда амалга оширишни кўзда тутади. Бу жараёнда хўжалик юритувчи субъектларнинг меҳнат унумдорлиги, иш самарадорлиги, инновацион фаолияти, рентабеллиги ва фойдаси ҳамда рақобатбардошлиги янада ортади. Шу мақсадда Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларида “Қорақалпоғистоннинг 7 та мўъжизаси” туркумидаги ҳудудий туризм кластерларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Сайёҳлик турини кўпайтириш, бунда зиёрат, археологик, экологик, этно, ишбилармонлик, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ривожлантириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Туманларнинг географик жойлашуви, ихтисослашуви, тарихи, имкониятлари ва бошқа муҳим элементлари ўрганилиб, туризмнинг турларига ихтисослашуви бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Жумладан, Элликқалъа туманида тарих ва археологияни севувчилар учун Аёзқалъа қўрғони, Бўронқалъа, Бурлиқалъа, Думанқалъа, Желдикқалъа, Кичик Қирққизқалъа, Қаватқалъа, Тупроққалъа, Қўрғошинқалъа, Бургутқалъа, Қўйқирилганқалъа ва бошқа жойларга саёҳат уюштириш мумкин. Туяда ҳаяжонли саёҳат қилиш ва қадимги Аёзқалъа харобаларини зиёрат қилиш, Аёзкўлда чўмилиш, моторли қайиқда сайр қилиш, маҳаллий бахши ва жировларнинг экзотик фольклор куй-қўшиқларини тинглаш имконияти мавжуд.

Элликқалъа туманида кўплаб диққатга сазовор табиий жойлар, ўсимликлар дунёси, флора ва фауна мавжудлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши экологик ва агротуризмни кенг йўлга қўйишга имконият яратади. Ушбу туманда туризмга ноқулай мавсумларда турли тадбирлар, танлов ва кўргазмалар, ўзига хос фестиваллар, муайян соҳалар бўйича олимлар ва тадқиқотчилар учун илмий анжуманлар, оммавий тадбирлар, ишбилармонлик туризмини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Хўжайли шаҳрининг ғарбий чеккасида, Кўҳна Урганч шаҳрига олиб борувчи йўлнинг икки томони бўйлаб тепаликда бепоён қадимги Миздахкан шаҳри нишоналари жойлашган. Ғарбий тепаликда жойлашган қадимий Миздахкан шаҳри милоддан аввалги IV-III асрларда пайдо бўлган. Шунингдек, ҳудудда Мазлумхонсулу мақбараси, Халифа Ережеп мақбараси, Шаму наби мақбараси, Ақ Ханақи мажмуи ва Жумарт қассоб каби объектлар мавжудлиги зиёрат ва археологик туризмни, қорақалоқ халқининг ўзига хос таомлари гастрономик туризмни, маҳаллий халқнинг яшаш маданияти, миллий урф-одат ва удумлари этнографик туризмни ривожлантиришга асос бўлади.

Тахтакўпир туманидаги Айдосқалъа, Барактам, Жаманқалъа, Қўрғончақалъа, Қўшминар, Қиличқалъа каби объектлар археологик туризмни, чўл ҳудудларида сафари, ралли ва экстремал туризмни, Қоратеран кўлида 10 га яқин балиқ турлари, ноёб ўсимликлар ва қушлар мавжудлиги овчилик (балиқчилик), экологик туризмни, Қоратеран кўлидан 30 метр узоқликда бир нечта булоқ жойлашган бўлиб, кўл суви 8-10oC ни ташкил этса, булоқлар суви 23-25oC ни ташкил этиши эса соғломлаштириш туризмини йўлга қўйиш имконини беради.

Туризм соҳаси бошқа соҳалардан фарқли равишда кўпроқ тарғиботни, рекламани талаб қилади. Шу мақсадда Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларига Австрия, Индонезия, Россия ва Британия каби давлатлардаги ҳамкорлар, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ вакиллари ва блогерларни жалб қилиб, ушбу жараёнларни амалга ошириш режалаштирилган.

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудуди каби Қорақалпоғистоннинг ҳам туризм салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида қатор ишларни бажариш режалаштирилган бўлиб, албатта, бунда соҳа бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган олим ва тадқиқотчиларнинг амалиётчилар билан ҳамкорлиги юқори натижа беради.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори,

Алишер ЭШТАЕВ,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор