Янги йил  шодиёналари нишонланаётган  шу кунларда болажонларнинг  беғубор  кулгулари оламни тутмоқда. Айниқса, Президент совғасини  орзиқиб кутаётган жажжиларнинг қувончли лаҳзалари  акс эттирлган байрам тадбирлари, унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида  бўлиб ўтган  Янги йил байрами тантаналари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, оилавий болалар уйлари ва боқувчисини йўқотган болажонлар учун ташкил этилди.

Унда  вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев барча  ёш авлодни  байрам билан  самимий табриклади.  Бугунги ёш авлод, эртанги кунимизнинг истиқболи порлоқ, келажаги ёрқин ҳақиқий эгалари эканлигини ва уларни соғлом ва баркамол  юрт эгалари этиб  тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш, муносиб шароитларда таълим-тарбия олиши учун зарур шароитларни  яратиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди.

Жорий  йил ҳам ҳудудда вилоят ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси ва бир қатор тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида Янги йил байрамини юқори савияда ўтказиш, фарзандларимизга қувонч улашиш учун муносиб  ва  пухта ҳозирлик кўрилди.

Тантанали байрам муносабати билан жўнатилган Президент совғаларини вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ҳудуд фаоллари билан бирга болаларга тарқатди. Шундан сўнг ўғил-қизлар учун "Афсонавий ўрмоннинг Янги йил квести" номли мусиқали саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тўкин дастурхон ёзилди.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

"Янги Ўзбекистон" мухбири