“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими бошқаруви ҳамда фонднинг Қўшкўпир туман бўлинмаси ходимлари ҳам Наврўз умумхалқ байрами олдидан Қўшкўпир туманда истиқомат қилиб келаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, туманнинг Шихобод, Хонобод, Олтин воҳа, Қоровул маҳаллаларида яшовчи, ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачасини топширди.

— Кўпдан буён, тўрт мучаси соғ бўлган, соғлом инсонлар каби кўчаларни айланишни, бировга оғирлигим тушмасдан у-бу жойга боришни, қўшнилар билан суҳбат қуришни хоҳлардим, — дейди шихободлик Гулистон Аширова. — Бугун фонд ходимлари ёрдами билан бу  ниятимга етдим. Наврўз умумхалқ байрами олдидан менга ногиронлар аравачасини тақдим этишди. Мушкулим осон бўладиган, ногиронлар аравачаси ёрдамида қўни-қўшнилар билан дилдан суҳбат қурадиган бўлдим.

Муҳими, озгинагина эътибор ва рағбатдан сўнг, ушбу фуқароларнинг қалбларида қувонч, юз-у кўзларида ҳаётга бўлган ишонч нишоналари намоён бўлди, эътибордан четда қолмаганликларини дилдан ҳис этишди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этяпти.  Фонд ходимлари томонидан ана шундай инсонларга байрам олди саховат улашиляпти.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди

Хоразм вилоят бўлими матбуот хизмати