Бу эса қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиганлар учун қулай фурсат ҳисобланади. Бироқ ҳар қандай қўзиқоринни билиб-билмай тановул қилиш кўнгилсиз ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Шу муносабат билан аҳолини қизиқтирган қатор саволлар юзасидан Санэпидқўмита бош мутахассиси Абдураҳмон Исмоилов билан суҳбатлашдик.

Истеъмолга яроқли қўзиқоринларни қандай ажратиш мумкин?

 Дарҳақиқат, истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни бир-биридан ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар ташқи кўриниши жиҳатидан ўхшаш бўлади. Оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньон ва опёнок турлари истеъмолга яроқли ҳисобланади.

Заҳарли қўзиқоринлар (қизил мухомор, кулранг мухомор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин)ни истеъмол қилиш, шунингдек, тузланган ёки маринад қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаш заҳарланишга олиб келиши мумкин.

Қўзиқорин қандли диабетни даволайдими ва қандай озуқавий қийматга эга?

 Қўзиқоринлар инсон овқатланиш рационини бойитадиган ва организмни турли озуқа моддалари билан таъминлайдиган қимматли маҳсулотдир.

Улар таркибида овқат ҳазм қилишни яхшилайдиган, қондаги глюкоза миқдорини камайтиришга ёрдам берадиган клетчатка мавжуд.

Шунингдек, қўзиқоринлар таркибида кальций ва фосфор алмашинувини тартибга солувчи, иммунитетни мустаҳкамловчи D витамини бор. Бундан ташқари, B гуруҳи витаминлари, айниқса, юрак-қон томир тизими ва асаб тизими фаолияти учун муҳим бўлган B3 витамини ҳам мавжуд.

Қўзиқоринлар қондаги холестерин миқдорини пасайтиришга ёрдам беради ва қандли диабет билан оғриганлар учун ҳам фойдали.

Автомагистрал йўл ёқаларидан терилган қўзиқоринларни истеъмол қилиш тўғрими?

 Тиббиётдаги кўп йиллик кузатувлар шуни кўрсатадики, автомобиль йўллари ёқалари, аэропортлар, ёқилғи-мой сақлаш ҳудудлари ёки кимёвий моддалар омборлари атрофидан терилган қўзиқоринлар билан боғлиқ заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Бу каби жойларда қўзиқоринлар транспорт воситаларидан чиқадиган ис гази ва бошқа зарарли моддаларни ўзига шимиб олади. Шу сабабли ташқи кўриниши соғлом бўлган қўзиқорин ҳам аслида хавфли бўлиши мумкин.

Қўзиқоринларни қайнатиш орқали заҳарини йўқотиш мумкинми?

 Заҳарли қўзиқоринларни қайнатиш ёки сувда ивитиш орқали улар таркибидаги токсинларни йўқотиб бўлмайди.

Бу усуллар қўзиқоринни хавфсиз ҳолатга келтирмайди.

Қўзиқориндан заҳарланиш белгилари қандай бўлади?

 Қўзиқориндан заҳарланиш, айниқса, болалар ва кексаларда оғир кечиши мумкин.

Заҳарланиш белгилари 3 – 5 соатдан 20 – 24 соатгача яширин даврга эга бўлиб, баъзи ҳолларда 1 – 2 соатдан кейин ҳам намоён бўлади.

Шунингдек, беморларда қуйидаги белгилар кузатилади. Хусусан, кўп терлаш, сўлак ажралиши, кўздан ёш оқиши, юрак уришининг секинлашиши, алаҳсираш (галлюцинация), титраш ва кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.

Бироқ шунга қарамай, ўз вақтида кўрсатилган тез тиббий ёрдам беморнинг аҳволини яхшилайди ва кўп ҳолларда 1 – 2 кун ичида соғайиш ҳолатлари кузатилади. Акс ҳолда, касаллик оғирлашиб, ҳатто фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин.

Қўзиқоринларни қаердан харид қилиш керак?

 Қўзиқорин истеъмол қилиш истаги пайдо бўлганда, уларни фақат рухсат этилган савдо дўконларидан харид қилиш тавсия этилади.

Маҳсулотнинг хавфсизлигига кафолат берувчи ҳужжатлар мавжудлигига эътибор қаратиш ва зарур ҳолларда ветеринария-санитария лабораторияси хулосасини талаб қилиш лозим.

Мутахассис таъкидлаганидек, ёввойи ҳолда ўсган қўзиқоринлар билан боғлиқ заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Шу боис, ҳар бир инсон қўзиқорин танлашда эҳтиёткор бўлиши, унинг турини аниқ билиши ва шубҳали маҳсулотни истеъмол қилмаслиги зарур.

Соғлиқ — энг катта бойлик. Уни асраш эса ҳар биримиздан онгли ёндашув ва масъулият талаб этади.

 Зулхумор АКБАРОВА суҳбатлашди