Айни пайтда «Пахтакор» футбол клубининг спорт директори вазифасида ишлаётган таниқли ҳужумчи Қозоғистонда ўтган фаолияти ва бугунги кунда Ўзбекистон чемпионатида рўй бераётган жараёнлар ва ўзининг келгуси режалари хусусида сўзлаб берди.

Спорт мухлисларининг қизиқишидан келиб чиқиб ушбу суҳбатдан иқтибосларни келтириб ўтамиз.

​ Жафар айни пайтда нималар билан бандсиз?

​ Уч йилдирки, «Пахтакор» футбол клубида спорт директори вазифасида ишлаб келмоқдаман.

​ Қозоғистон футбол бозори «Пахтакор» учун, умуман ўзбекистонликлар учун қай даражада қизиқарли?

​ Қозоғистон футболи шахсан мен учун жуда қизиқарли. Ўзим ўйнаганман. Шунинг учун ҳам Қозоқ клубларининг фаолиятини доимий кузатиб бораман. Бир қанча дўстларим у ерда фаолият юритишади. Айниқса, «Қайрат» футбол клубида ишлаётган дўстларим, шунингдек тажрибали мураббийлар Григорий Бабаян ва Вадим Боровский билан ҳамиша алоқадаман. Яқинда улар Ўзбекистонга келиб кетишди. Очиғини айтсам, профессионаллик нуқтаи назардан қозоғистонлик футболчилар биз учун у қадар қизиқарли эмас. Чунки Қозоғистонда футболчиларнинг трансфер баҳоси жуда юқори. Шу боисдан биз ўзбекистонликлар бу борада кўпроқ чет эл футболчилари билан ишлаш осонроқ. Бундан бир мунча муддат аввал Қозоғистон клубларида ўйнаётган бир неча футболчиларга қизиқиш билдириб, музокаралар олиб борганмиз. Аммо келишувлар амалга ошмаган.

​ Сиз Қозоғистон футболида ўзига хос из қолдирган ўйинчилардан бирисиз. Ҳали-ҳали ишқибозлар эслаб туришади. Қачондир Қозоғистон футболида ишлашингиз мумкинми?

​ Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Мен Қозоғистонда ёки бошқа бир давлатда ишламайман, деб айтолмайман. Барчаси тақдирга боғлиқ. Худо хоҳласа яқинда мураббийлик бўйича PRO лицензиясига эга бўламан. Қозоғистон футбол клубларидан бири таклиф билдирса, балки ўйлаб кўрарман. Лекин ҳозирги ишим ўзимга жуда ёқади. Қолаверса, «Пахтакор»да ишлашни азалдан орзу қилганман.

Тўлқин РЎЗИЕВ тайёрлади