“Uzauto Motors”нинг Chevrolet Cobalt автомобили 1 йилдан ортиқ вақтдан буён Қозоғистон автомобиль бозорида сотувлар бўйича етакчилик қилмоқда.

Ишончли ва қулай Cobalt нафақат Қозоғистондаги оддий истеъмолчилар орасида оммабопликка эришди, балки Костанай вилояти полицияси ҳам ушбу автомобилнинг афзалликларини юқори баҳолаб, ўз автопаркини 22 та янги Chevrolet Cobalt хизмат машиналари билан тўлдирди.

Аввалроқ, жорий йилнинг июль ойида Шимолий Қозоғистон вилояти полиция хизмати ҳам айнан мана шу автомобиль моделини танлаб, патруль хизмати учун 86 та Cobalt автомобилини харид қилишди. Автомобиллар хариди Қозоғистон вилояти полициясини мустаҳкамлаш ва хизматни моддий-техник жиҳатдан жиҳозлашни такомиллаштириш давлат дастури доирасида амалга оширилди. Шунингдек, Cobalt автомобиллари патруль хизматидан ташқари, чекка ҳудудлардаги маҳаллий полициянинг содиқ ёрдамчиларига айланади.

Вилоят ҳокимлиги полиция ходимлари эҳтиёжлари учун сотиб олинган Cobalt автомобиллари уларга имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва камайтириш вазифаларини етарли даражада бажаришга имкон беришига ишонади.

Шунингдек, Қозоғистон полициячилари ҳам ушбу автомобилнинг тежамкорлиги ва ишончли эканлигини қайд этишди.