Яқинда, икки давлат ҳарбий ҳамкорлиги доирасида Хоразм вилоятидаги “Янгиариқ” умумқўшин полигони базасида жойлашган ва 2021 йилдан фаолиятини бошлаган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлинмаларини чўл шароитида тайёрлаш марказида Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирлиги махсус бўлинмаларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари таҳсил олди.
Бир неча кун давом этган ўқув курси дастурига мувофиқ икки давлат ҳарбий хизматчилари саҳрода чўл шароитида олов ва сув топиш, ов қилишга мўлжалланган қўл остидаги предметлардан ясалган қуроллар ва қопқонларни тайёрлаш, чўл шароитида бўлинмаларнинг ниқобланиши ҳамда шахсий таркиб жойлашиши учун шароитларни яратиш, шартли ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва қўлбола тиббиёт буюмларини ясаш бўйича амалий машқларни бажарди.
Курс якунида бўлинмалар бир неча километрли разведка-қидирув ҳаракатларини амалга ошириб, йўналишда мавжуд сувли тўсиқлардан ўтишни амалда қўллашди. Яқин жангда бир-бирини ҳимоя қилган ҳолда жанговар қуролларни қўллаш, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатишни машқ қилишди.
Марказ битирувига бағишланган тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари вакиллари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги иштирок этиб, сўзга чиққанлар сўнгги етти йиллик давр ичида Ўзбекистон Қуролли Кучларини ҳар томонлама ислоҳ этиш, миллий армиямизни замонавий турдаги қуроллар, аслаҳалар, ҳарбий ва жанговар техникалар билан бутлашда катта натижаларга эришилганини эътироф этишди.
Ўқув курсини тамомлаган ҳарбий хизматчиларга сертификат, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Матбуот хизмати.