Ҳа, апрель бошқа ойларга нисбатан ана шундай жиҳатлари билан ажралиб туради. Айниқса, бу йилгиси бошқача, назаримда. Тўғри, барча ойнинг ўзига хос таровати бор. Лекин айнан бир ойнинг бошқа йиллардагига нисбатан алоҳидалиги, ажралиб туриши ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Хусусан, бу йилги апрель улкан бунёдкорлик, яратувчанлик ҳаракати — Миллий дендрология боғини барпо этишга старт беришдан бошланди. Президентимиз “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, ушбу хайрли лойиҳани бошлаб берди.
Шу
куни Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини
кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Назаримда, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси
асосида нишонланиши белгиланган мустақиллигимизнинг шонли 35 йиллигига тараддуд
аллақачон юртимизнинг барча ҳудуди, шаҳару қишлоқларида бошланган.
Бошқа
томондан, айни кунларда Амир Темур бобомиз таваллудининг ҳам 690 йиллиги кенг тантана
қилинмоқда.
Бу
йилги апрелнинг ўзига хослиги мана шу ерда яққол намоён бўлади. Зеро, биз учун
муқаддас неъмат — истиқлолимизнинг 35 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги
қарорнинг буюк бобомиз Амир Темур таваллудининг шонли санаси арафасида қабул
қилинганида катта маъно мужассам. Бошқа томондан, мамлакатимизда бундан 9-10
йил олдин бошланган янги Ўзбекистон ислоҳотлари уч минг йиллик тарихимиз,
хусусан, Амир Темур бобомизнинг давлатчилик тутумига ҳамоҳанг.
Мана
шулар ҳақида ўйлаб, ҳар биридан куч, руҳий қувват олиб, хуш кайфиятда ишга йўл
олдим. Яшаш жойим шаҳар ташқарисида. Шунинг учун пойтахт маркази — Амир Темур
хиёбони яқинида жойлашган ишхонамгача анча йўл босаман. Метронинг хиёбон номига
қўйилган бекатидан чиқиб, Соҳибқирон бобомиз ҳайкали ишора қилиб турган томон
юраман. Аммо бугун негадир метродан чиққач, бир дам хиёбон тароватини туйгим
келди. Ҳайкал пойидаги ўриндиқлардан бирига ўтирдим. От устидаги Амир Темур
ҳайкалининг ҳайбатини кўриб, руҳиятим янада кўтарилди.
Ҳайкал
пойида тулпорининг туёғидан ўт чақнаган, қиличининг дамидан девлар ҳайиққан,
кўзидаги қатъият сергаклантирган, марҳамати тўлқинлантирган, қиличидан-да сўзи,
адолати, ақл-заковати ўткир Соҳибқироннинг буюклигини ҳатто тасаввур этишга ҳам
ожиздек ҳис қилдим ўзимни. Бобомизнинг нақадар улуғ ишлар қилганига тарих
гувоҳ.
Орадан
шунча йил вақт ўтган бўлса-да, Шарқу Ғарб, Шимолу Жануб — дунёнинг тўрт
нуқтасига бориб, тарихдан озгина хабари бор инсондан Амир Темур ҳақида сўранг,
албатта, билади. Ҳа, шунинг учун ҳам биз ҳар доим бобомиздан чексиз
фахр-ифтихор туямиз. Қаерда бўлмайлик кўксимизни кериб, “Темурийлар келди...”,
дея хитоб қиламиз.
Аммо
доим ақлимизда бир савол чарх уради. Хўш, биз бугун шундай улуғ бобомизга муносибмизми,
уларнинг буюк ишларини қай даражада давом эттира оляпмиз? Бой ҳаётий тажрибага
асосланиб айтган фикрлари, ҳикматларига амал қиляпмизми ўзи?..
“Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз
қурган иморатларга боқинг!”
Соҳибқирон
бунёд этган муҳташам тарихий ёдгорликлардан бири — Оқсарой пештоқига битилган
ушбу жумлалар шунчаки безак ёки ҳавойи сўзлар эмас, тагзамирида катта моҳият,
чуқур маъно бор. Ҳақиқатан, Амир Темур даврида қурилган ёки унинг ташаббуси
билан бунёд этилган энг машҳур меъморий обидалар сон-саноқсиз ва муҳташамдир.
Бу иншоотлар фақат меъморий эмас, балки давлат қудрати, сиёсий ғоя ва маданий
сиёсат рамзи ҳам бўлган. Самарқанднинг “рўйизамин сайқали”, дея эътироф
этилишида Соҳибқироннинг бунёдкорлик ишлари дебоча бўлган.
Айни
пайтда ҳам юртимизда худди ана шундай бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Янги
Тошкент лойиҳасини айтасизми, Олимпия шаҳарчаси ёки ҳудудлардаги “Янги
Ўзбекистон” массивлариними — ҳар бири тарихий ўзлигимизга хос ана шундай
бунёдкорлик намуналаридан.
Узоққа
бормайлик, яқиндагина қуриб битказилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси
маркази ёки қайта бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасини олайлик. Ҳар иккиси ҳам
ноёб дурдона. Янги Ўзбекистоннинг тарихий бунёдкорлик салоҳиятига мос
иншоотлар.
Дунёнинг
нуфузли 10 музейи рўйхатига киритилган Ислом цивилизацияси марказининг бунёд
этилиши, шубҳасиз, аввалдан ислом динининг маркази деб улуғланган Бухоро каби
шаҳарга эга Ўзбекистоннинг кейинги юз йилликларда ҳам ислом оламининг марказий
давлатларидан бири шарафига лойиқ кўрилишига замин яратади. Худди шундай,
Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасининг янги қиёфаси ҳам бутун дунё
мусулмонлари нигоҳини Ўзбекистонга қаратгани, ушбу мажмуани зиёрат қилиш
орзусини қалбига муҳрлагани айни ҳақиқат.
Амир
Темур қурдирган масжиду мадрасалар мусулмон оламидаги энг муҳташам тарихий
ёдгорликлар бўлиши билан бир қаторда, Соҳибқироннинг қанчалик иймон-эътиқодли,
пир-устозлар, азиз-авлиёларга катта ҳурмат ва эътибор билан қараганини
билдиради. Масалан, Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бу
мақбаранинг қурилиши ҳақида “Зафарнома”да бундай битилган. “Буюрдиким, ул
мозори устиға иморати олий солдилар ва бир улуғ тоқ (гумбаз) боғладиларким, кўк
била сўзлашур эрди... Ва фармон бўлдиким, томларини рангин кошин билан музайян
қилсунлар (чиройли безасунлар). Ва Хожанинг қабрини оқ тош била ясадилар… Икки
йилдан сўнг ул иморат туганди. Ул иморат тугагандан сўнг андағи фақиру
мискинларға кўб садақалар бердилар…”.
Бу
иқтибос замирида чуқур маъно-мазмун, моҳият бор. Амир Темур нафақат ҳашаматли
иморатлар барпо этган, балки халқнинг дунёқараши, тафаккурини ўстириш,
одамларда бунёдкорлик, эзгулик ғоялари устун бўлиши учун даъват этган, бундай
кишиларни эса доимо қўллаб-қувватлаган. Зеро, “Темур тузуклари”да “Амр
этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз (ер тагидан ўтказилган сув
йўли ёки ариқ) қурса, ё бирон боғ кўкартирса ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни
обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса (яъни солиқ) олмасунлар... хароб бўлиб
ётган ерларда коризлар қурсунлар, бузилган кўприкларни тузатсунлар, ариқлар ва
дарёлар устига кўприклар қурсунлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар бунёд
этсунлар... катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва
хонақоҳлар бино қилсунлар, фақиру мискинларга лангархона солсунлар, беморлар
учун шифохона қурдурсунлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласунлар. Ҳар бир
шаҳарда дор ул-иморат (сарой) ва дор ул-адолат (қозихона) қурсунлар...”, дея
қайд этилгани ҳам сўзимиз исботидир.
Бугунги
ортга қайтмас ислоҳотларнинг замирида ҳам худди мана шу мақсад ва муддао
мужассам. Бу тадбиркорларга берилаётган турли имтиёзлар, яратиб берилаётган
имкониятларда яққол намоён бўлмоқда.
“Шоҳ бўлсанг-да, боғ ярат, гадо
бўлсанг-да, боғ ярат...”
Ушбу
калом муаллифи, улуғ бобомиз, аввало, бунга ўзи амал қилиб, дунёга донғи кетган
боғ-роғлар барпо этган. Унинг чорбоғлари жаҳон боғдорчилиги тарихида алоҳида
ўрин эгаллайди. Муаррих Абу Тоҳирхўжа Самарқандий бундай ёзади: “Самарқандда
Амир Темур Кўрагон солдирган боғларким, Эрам гулистони рашк қилар даражада,
еттита экан: биринчиси — Боғи Шимол — Самарқанд шимолида. Девори Қиёмат ичида.
Иккинчиси — Боғи Баланд. Учинчиси — Боғи Беҳишт. Тўртинчиси — Боғи Чинор. Бу
икки боғ шаҳарнинг кунчиқар томонида. Бешинчиси — Боғи Дилкушо бўлиб,
Конигилнинг жануб томонида. Конигил Кўҳак дарёсининг ёқасида, Самарқанднинг энг
гўзал ва чиройли еридир. Олтинчиси — Боғи Зоғон — Шовдор туманининг шимол
томонида воқедир. Еттинчиси — Боғи Жаҳоннамо — Анҳор туманида бўлиб, тоғ
этагига яқин ерда, Самарқанднинг жанубида бунёд қилингандир”.
Бу
эътирофда Соҳибқирон барпо этган боғларнинг еттитасигина тилга олинган. Аслида,
Самарқанднинг ўзида Амир Темур ўндан ортиқ боғ қурдирган.
Шу
йил 2 апрель куни мамлакатимиз етакчиси бошчилигида республика миқёсида “Яшил
макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ўтказилди. Хайрли
тадбир доирасида Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилди. Ушбу
воқеа бобомизнинг эзгу ишлари бугун ҳам давом эттирилаётганидан далолат. Бир
неча йил, аниқроғи, беш йил олдин бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси
доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экилаётгани, ўтган даврда 2000
гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парки, 47 та массивда
“Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилганини эътиборга олсак, бу ишлар давлат
сиёсати даражасида бажарилаётганини англаймиз. Бундан ташқари, республиканинг
тоғ, чўл ва адир ҳудудларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди. Оролнинг
қуриган тубидаги 2 миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонлари барпо
этилди. Шамол ва қум-чанг бўронлари зарарли таъсирининг олдини олиш мақсадида
33 туманда 60 километрли “яшил белбоғ” ҳосил қилинди. Умуман, қисқа муддатда
республикада яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди.
Халқимизда
яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади, деган нақл бор. Айни пайтда ҳам Шаҳрисабз,
Самарқанд ва бошқа шаҳарларда Амир Темур даврида экилган, ёши ярим асрдан ошган
чинорлар барқ уриб турганини кўрганда бу ҳикматнинг нақадар тўғри эканига амин
бўламиз. Бугун ерга қадалаётган ниҳоллардан эртага фарзандларимиз манфаат
кўриши — мевасини ейиши, соясидан баҳраманд бўлиши, тоза кислородидан тўйиниб
симиришини ўйласак, белга қувват, билакка куч, қалбга шижоат киради.
“Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш
билан амалга оширдим”
Соҳибқирон
бобомиз тузукларида “Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва
машварат, қолган бир улушни қилич билан амалга оширдим”, дея хитоб этган.
Бугунги дунё мамлакатлари орасида ижтимоий-сиёсий келишмовчиликлар, иқтисодий
буҳронлар авж олаётган бир даврда ушбу ибора моҳияти янада катта аҳамият касб
этади. Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан
Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан
салтанатга асос солган Амир Темур ушбу сўзларни айтибгина қолмай, давлат
бошқаруви, ташқи сиёсат, ҳарбий юришларда ушбу арконга қатъий амал ҳам қилган.
Шунингдек,
Амир Темур ҳукмронлиги йиллари Буюк ипак йўлидаги савдо-сотиқ,
ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаёт энг гуллаган даврлар сирасига киради. Ўша
пайтда карвон йўли марказида жойлашган Самарқанд, Бухоро каби қадим кентларимиз
дунёнинг савдо, тижорат, илм-фан, маданият ва санъат марказлари сифатида оламга
машҳур бўлган.
Боиси,
у ерда йирик бозорлар, сарой ва қалъалар қад ростлагани аҳолининг фаровон ҳаёт
кечиришига замин яратган бўлса, илм-фан ривожи ҳисобига буюк алломалар етишиб
чиқиши бу шаҳарларга кўчиб келувчилар оқимини муттасил оширган.
Шу
ўринда бир фактга эътибор қаратиш жоиз. Амир Темур даврида ғарбий Европадан
темурийлар давлатига кўплаб элчилар, савдогарлар ҳамда давлат амалдорлари
ташриф буюрган. Меҳмонлар иззат-икром билан кутиб олинган ҳамда темурийлар
давлатининг савлати ва салоҳияти уларнинг тилида достонга айланган.
Амир Темур саройида бўлган Испания элчиси Руи Гонсалес де
Клавихо кундаликларида соҳибқирон ҳамда у тузган буюк давлат ҳақидаги
фикрларини ёзиб қолдирган. Ҳозир ушбу қўлёзма ўша даврдаги муҳим манбалардан.
Шунингдек, Италия, Франция ҳамда Германиядан ҳам турли элчилар келган. Турли
мамлакатлар билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Давлатимиз
раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ қўшни
мамлакатлар билан дипломатик муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро
келишмовчиликларга барҳам бериш сиёсатини илгари сурди. Узоқ йиллар давом этиб
келган ўзаро совуқ муносабатларга барҳам беришга киришилди. Аслида, Марказий Осиё
халқлари минг йиллик қардошлик алоқалари билан боғланган, таъбир жоиз бўлса,
азалдан бир дарёдан сув ичган, қадриятлари, урф-одати яқин бўлган халқлардир.
Қуда-анда, қариндошлик муносабатлари асрлар давомида шаклланган.
Кейинги
йилларда Президентимизнинг кучли сиёсий иродаси, оқилона ташаббуслари ҳамда
қўшни мамлакатлар раҳбарларининг хайрихоҳлиги, эзгу ташаббусларни
қўллаб-қувватлаши билан минтақада дўстлик-биродарлик риштаси мустаҳкамланди.
Ҳудудда тинчлик-тотувлик, яхши қўшничилик муносабатлари тикланди. Ўтган йили
баҳорда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч мамлакатнинг давлат
чегаралари туташган нуқта ҳудуди тўғрисидаги шартнома имзоланди. Чегаралар
туташ ҳудудда қад ростлаган “Дўстлик стеласи” мамлакатларимизнинг дўстлик ва
минтақанинг тинчлик-тотувлик рамзига айланди.
Ўзбекистон,
Қозоғистон ва Туркманистон чегараларининг туташ ҳудуди тўғрисидаги шартнома
илгарироқ имзоланган эди. Бугун Марказий Осиёдаги баҳсли чегаралар масаласи
буткул истиқболли ечим топди, дейиш мумкин. Илгари ўз муаммоларига ўралашиб
қолган давлатлар ягона мушт каби жипслашиб, тараққиёт сари дадил илдамлай
бошлади. Шунингдек, қардош туркий мамлакатлар билан ҳам ўзаро манфаатли
ҳамкорлик навбатдаги босқичга кўтарилди.
Бугун
Ўзбекистон энг ривожланган мамлакатлар билан юқори даражада ижтимоий-иқтисодий
ҳамкорлик қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик
ҳақидаги таклифи дунё давлатлари нигоҳини мамлакатимизга қаратди. Бу эса
мамлакатимизга катта сармоя оқими келиши ҳамда турли бунёдкорлик ишлари
жадаллашишига замин яратди.
Ўтган
йили юртимизда бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити
ҳамда тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида кўплаб келишув ва
шартномалар имзоланди. Ушбу тадбирларда Европа давлатлари билан ҳамкорлик янги
босқичга кўтарилди.
Бу
натижаларга, албатта, давлатимиз раҳбарининг оқилона, узоқни кўзлаб юритаётган
сиёсати орқали эришилмоқда. Президентимиз ўтган вақтда халқаро сиёсий майдонда
Ўзбекистон имижини юқори босқичга кўтарди. Буни давлатимиз раҳбарининг халқаро
ташкилотлар, хусусан, БМТ сессияларида илгари сурган таклифлари тезда ҳаётга
татбиқ этилаётганида ҳам кўриш мумкин. Қисқаси, янги Ўзбекистонни барпо этиш
ғоясини илгари сурган давлатимиз раҳбари ўзбек халқининг ишончи, халқаро
ташкилотлар вакиллари, минтақа ва дунё мамлакатлари раҳбарларининг
ҳурмат-эътиборини қозонмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг жадал суръатда тараққий
этишига замин ҳозирлаётир.
Мот бўлмаган ҳукмдор
Марказлашган
давлат тузгандан сўнг 100 дан ортиқ ҳарбий юришда бирор марта мағлуб бўлмаган
Амир Темур шатранж (шахмат)га шунчаки эрмак ёки вақтини хуш ўтказадиган
машғулот эмас, балки ҳозирги тил билан айтганда, тактик назарий билимларни
мустаҳкамлаш воситаси сифатида қарагани манбаларда келтирилган. Масалан, инглиз
олими, ёзувчиси Хильда Хукхэм “Амир Темур кўп вақтини шатранж ўйини устида
ўтказган. У ўз даврининг машҳур шатранжчилари билан бемалол беллаша олган”, дея
қайд этган.
Яна
бир тарихий манбада эса ҳарб илми ва шатранжда тенгсиз Соҳибқирон бобомиз
одатдаги шахматнинг қонун-қоидаларини ислоҳ қилиб, мураккаб шахмат турини
яратгани ва унга “Шатранжи комил” ёки “Шатранж ал-кабир” деб ном бергани баён
этилади.
Яна
бир қизиқ маълумот. Амир Темур даврида кучли шатранжчилар Самарқандда жамланган
ва ўзаро дона сурган. Темур ташкил этган мусобақаларда кўп бор ғолибликни
қўлга киритган табризлик аш-Шатранжий (Алоуддин Табризий) шатранж ҳақида китоб
ёзиб, унда ўзи ҳамда ХIV асргача Марказий Осиёда яшаган кўплаб олия
(гроссмейстер)лар ҳақида маълумот берган. У ҳатто Соҳибқирон билан ҳам шатранж
ўйнаб турган.
Бугун ҳам бундай мусобақаларнинг юртимизда ташкил этилиши
одатий ҳолга айланмоқда. Масалан, жорий йил Самарқанд шаҳрида 46-жаҳон шахмат
олимпиадаси бўлиб ўтади. Ақл ўйинига қизиқиш ўзбек ёшлари учун бобомеросдир.
Бугун ҳам шахмат ҳар бир ўзбек оиласининг севимли ўйинларидан. Севимли ўйингина
бўлиб қолмай, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев,
Шамсиддин Воҳидов каби ёшларимизни дунёга танитган.
* * *
Воҳа
томонларда бир қишлоқдошни таниш учун “Исминг нима?”, деб эмас, “Кимлардансан?”
деган савол берилади. Бобонгизнинг исми ёки фамилиясини айтиб, жавоб берасиз.
Сўроққа тутган одамлар бобонгиз қандай одам бўлгани, қандай ишлар қилганини
ҳисобга олиб, сизга муомала қилади. Сўзингиз, амалингизга ишончи ҳам шунга қараб
шаклланади.
Аслида,
бутун дунёда шундай. Сабаби қаерга бормайлик, биз — ўзбекларга Имом Бухорий,
Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек авлодлари сифатида қарашади.
Халқаро майдонларда ортиқча гап-сўз қилишдан ийманишлари бор гап. Эртага авлодларимиз
ҳам мана шундай қадр-қиммат кўриши, давранинг энг тўрида ўтириши бизнинг
бугунги саъй-ҳаракатларимиз, фаровон ва тараққий этган янги Ўзбекистонни уларга
мерос қилиб қолдиришимизга боғлиқ. Бундан эса кўнглим тўқ, назаримда, 38
миллион нуфусли юртдошларимизнинг ҳам бу борадаги ишончи мустаҳкам. Зеро,
кейинги 9-10 йилда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи
Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида оламшумул ўзгаришлар кузатиляпти, тарихий
ғалабалар, катта натижаларга эришилмоқда. Асосийси, бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар
сусайгани йўқ, ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган.
Санжар ЭШМУРОДОВ,
“Янги
Ўзбекистон” мухбири