«Ўзбекнефтгаз» АЖ Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг кунлик табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва газ қувурларида сиқилишларни олдини олиш мақсадида «Қулбешкак» конидаги мавжуд диаметри Ø159мм ва Ø168мм ли газ коллекторларининг газ ўтказиш қуввати оширилди.

Янги қурилган кириш тармоғи блокининг 3-навбатидан кондаги кириш тармоғи блокининг 2-навбатигача диаметри Ø426мм бўлган 2,6 км узунликдаги қўшимча табиий газ қувури қурилиб, ишга туширилди.

Натижада 2021 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан ишга тушириладиган 58-, 59-, 60-, 61-, 62-, 63-сонли қудуқлар ва «2017–2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш Дастур»и доирасида бурғиланиб, ишга туширилиши кутилаётган 52-, 53-, 54-, 56-, 57-сонли қудуқлардан қазиб олинадиган табиий газ янги қурилган газ қувури билан «Қулбешкак – Газли» ГҚИЗ газ қувури орқали Газли газни қайта ишлаш заводига узатиш имконияти яратилди.

Шунингдек, мавжуд қувурларда босимлар фарқининг камайиши ҳамда гидравлик қаршиликлар олди олиниши ҳисобига қувурларнинг газ ўтказиш қуввати оширилиб, кунлик табиий газ қазиб чиқариш ҳажми кўпайишига эришилди.
Ушбу газ қувурининг қурилиш монтаж ишлари «Жанубгазқурилиш» АЖ томонидан амалга оширилди, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

Маълумот учун: Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Қулбешкак» кони Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган бўлиб, 2008 йилда ишга туширилган.