Жумладан, ушбу даврда 10,7 миллион тонна, 19,5 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 29,4 миллион квадрат метр гипсокартон, 11,0 миллион квадрат метр керамик плитка, 1,6 миллион ўрам обой каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди. Бу ҳақида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида ахборот берилди.

Шунингдек, 2021 йилнинг 9 ойида уюшма таркибидаги корхоналар томонидан жами 7 триллион 155,6 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига  нисбатан ўсиш 136,2 фоизни ташкил этди.

Жумладан, 7,7 миллион тонна цемент, 19,1 миллион квадрат метр 2 мм ўлчамдаги қурилиш ойнаси, 12,4 миллион квадрат метр керамик плитка, 29,4 миллион квадрат метр гипсокартон, 115 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмалари, 1,7 миллион ўрам обой, 97,5 минг тонна оҳак, 130,3 минг тонна  гипс каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган. Шунингдек, пардозбоп керамик плитка, сантехкерамика маҳсулотлари, керамогранит,  базальт арматураси, обой (гулқоғоз) ўзлаштириш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4937-сонли қарорига асосан ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бўйича хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида 863,4 млн долларлик 39 та лойиҳа бўйича жорий йилда 327,6 млн доллар ўзлаштириш белгиланган.

— Жорий йилнинг 9 ойида 39 та инвестиция лойиҳалари бўйича жами 220,15 млн доллар, шундан 152,94 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, — деди “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерматов. — Шундан умумий қиймати 247,3 млн доллар бўлган 6 та лойиҳа  ишга туширилди ва 1 005 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

Ушбу 6 та лойиҳа доирасида йилига 2,4 млн тонна цемент, 22,2 млн кв м флоат ойна, 20 минг тонна пайвандлаш электродлари, 6 минг тонна бурама мих, 1 млн кв м ламинатланган ДСП, 6 минг тонна оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқарилади.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида янги турдаги импорт ўрнини босувчи флоат ойна, цемент, базальт ва шиша момиғидан иссиқлик сақловчи плиталар, базальт толасидан композит арматуралар, қувурлар ва геосеткалар, керамогранит, гулқоғоз, мармар, травертин ва гранит плиталари, лок-бўёқ маҳсулотлари, керамик плиткалар, пайвандлаш электродлари, гипсокартон, қуруқ қурилиш аралашмалари, санитар-техник буюмлар, газобетон ва пенобетон блоклари, паркет, ламинат, ДСП каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерацияси, Хитой, Туркия, Хиндистон, Германия, Франция, Беларуссия ва Жанубий Корея давлатларига давлат ташрифи доирасида 2017-2020 йилларда замонавий импорт ўрнини босувчи қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун ҳорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида илғор ҳорижий компаниялар билан умумий қиймати 2 млрд 295,3 млн долларлик 44 та Меморандум ва Келишувлар имзоланди. Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг Баёнлари билан амалга оширилган лойиҳалар назоратдан чиқарилиб ягона “Йўл хариталари” тасдиқланган. Унга кўра “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига 1 191,8 млн долларлик 25 та лойиҳалар назорати юклатилган. Шулардан бугунги кунга келиб 289,7 млн долларлик 10 та лойиҳа амалга оширилди.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида импорт ўрнини босувчи экспортга йўналтирилган замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи янги қувватлар ишга туширилади.

2021 йилнинг 9 ойида қурилиш материаллари саноати соҳаси бўйича жами 178,6 млн доллар миқдорида экспортни амалга ошириш прогнози белгиланган эди. Қувонарлиси, ўтган вақт давомида 287,8 млн доллар миқдорида экспорт амалга оширилиб, белгиланган режа 161 фоизга бажарилди ва ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 бараварга таъминланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш материаллари экспорти географияси анъанавий ҳисобланган бозорлар яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистондан ташқари, Озарбайжон, Туркия, Россия, Украина ва Хитой давлатлари ҳисобига кенгайтирилди.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси корхоналари томонидан 2021 йил январь-сентябрь ойларида жами 224,9 млн долларлик импорт амалга оширилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,6 млн долларга ёки 11 фоизга камайган.

Импорт таркибини, асосан технологик ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, хомашё ва материаллар, хизматлар ташкил этади.