Президентимизнинг мазкур йўналишдаги ишларни жаддалаштириш борасидаги топшириқлари ижросини таъминлаш борасида бугун Қурилиш вазирлиги томонидан  самарали ишлар ташкил этилмоқда.

7-14 сентябр кунлари вазирликда “Шаффоф қурилиш” Миллий ахборот тизимидаги “Қурилишдаги назорат” қуйи тизимидан фойдаланиш мавзусидаги Республика ўқув-амалий семинари ўтказилмоқда.Унда тизимдан самарали ишлашни ўрганиш ва ўз ҳудудларида ушбу тизимни 2020 йил якунигача тўлиқ амалиётга татбиқ этиш учун, қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат ва буюртмачилар билан ишлаш бўлимларидан биттадан ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ҳудудий назорат инспекцияларидан жами жами 48 мутахассис ходимлар иштирок этмоқда.

Маълумот ўрнида:

Жорий йилнинг август ойидан “Шаффоф қурилиш” Миллий ахборот тизимидаги “Қурилишдаги назорат” қуйи тизими Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тест тариқасида ишга туширилган эди.

Тошкент шаҳри Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясида рўйхатдан ўтган 1341 қурилиш объекти “Қурилишдаги назорат” тизимига киритилиб, инспекторлар томонидан назорат ишлари бир вақтда анъанавий тарзда ва тизим орқали тест тариқасида амалга оширилмоқда. Инспекция томонидан 25 планшет харид қилиниб, назорат ишларига 25 инспектор жалб этилган.

Тошкент вилояти Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясида рўйхатдан ўтган 1697 қурилиш объекти “Қурилишдаги назорат” тизимига киритилиб, инспекторлар томонидан назорат ишлари бир вақтда ананавий тарзда ва тизим орқали тест тариқасида амалга оширилмоқда. Инспекция томонидан 20 планшет харид қилиниб, назорат ишларига 20 инспектор жалб этилган.

Ўтказилаётган мазкур ўқув-амалий семинарда қурилиш объектларини тизимга киритиш, тизим орқали назорат ишларини олиб бориш ва тизимда ҳисоботларни шакллантириш мавзулари кенг ёритилмоқда.

Ҳудудлардан ташриф буюрган инспекторлар Тошкент шаҳри ҳудудий инспекцияси инспекторлари билан биргаликда 6 кун мобайнида Тошкент шаҳридаги қурилиш объектларида тизимдан фойдаланиш амалиётини ўтказишаяпти.

 Буюртмачилар билан ишлаш бўлими ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича мутахассислар вазирлик биносида 6 кун мобайнида тизимга рўйхатдан ўтган объектларни киритиш, буюртмачиларнинг техник назорати, лойиҳачиларнинг муаллифлик назорати ва пудратчиларнинг ички назорати ходимларига шахсий кабинетлар очиш амалиётини ўтказишади.

Ўз навбатида семинар иштирокчилари тизимдан фойдаланиш амалиётини октябр ойи якунига қадар ҳудудий назорат инспекцияларига татбиқ этишади.

Жорий йилнинг октябр – ноябр ойларида Қурилиш вазирлиги, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва ҳудудий назорат инспекциялари биргаликда жойларда Қурилишдаги назорат электрон тизимидан фойдаланиш бўйича ўқув семинарларини ўтказиш режалаштирилган.

Вазирлик матбуот хизмати