Бугун Бўстонлиқ туманидаги «Авеню парк» дам олиш масканида «Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ОАВ ходимлари учун икки кунлик семинар ўз ишини бошлади.

Ҳар бир ташкилотда ноқонуний қарорларнинг олдини олиш учун юрист лавозимини жорий этилгани каби, қурилиш ташкилотларида инженер бўлиши керак ва шарт. Семинарда «нима учун?» деган саволга жавоб изланди.

Ҳаммамиз қаердадир яшаймиз. Кимдир индивидуал қурилган уйларда, кимдир катта шаҳарларда, кўп қаватли уйларда. Қиш келди дегунча барчага уйни иситиш қайғуси тушади. Индивидуал қурилган уйларни турли услубда иситиш мумкин, аммо, кўп қаватли уйларни иситиш тизим орқали амалга оширилади. Гап ана шу иситиш тизими ҳақида ҳам эмас, уйларда энерготежамкорликни қандай амалга ошириш мумкин, шу ҳақда.

1-ҳикоя. Пойтахтда,кўп қаватли уйларда тураман. Уй бетон конструкцияли, ҳамма томони бетондан, девор, шифт, пол. Сал совуқ бошланса, уйни иситиш муаммо. Батареялар иссиқ, тегса қўл куяди, аммо, уй исимайди. Сабаби оддий – том тагида иссиқликни тутувчи, пол усти – линолеум тагида изоляция қилувчи материал қўйилмаган.

Оқибат: сал совуқ тушдими каттаю-кичикларнинг оёғи оғрийди, тинимсиз тумов-пучқоққа чалинади. Уйга келаётган маблағнинг ярми дорихоналарда сарф бўлади.

Уйни иситиш учун газ плитанинг духовкасини ёқиб қўйиш – фожиага олиб келиши тайин. Бунга мисол – пойтахт туманларидан бирида 5 нафар талабанинг ўлими.

2-ҳикоя. Қишлоқда истиқомат қиламан. Совуқ тушди дегунча, газчилар эшикни тақиллатиб келади. Қарзларинг бор, тўла, деб. Ўтган қишда ёққан газ учун олдиндан тўлов қилинган. Бу йил ёзда газ бўлмади. Аммо, газ учун қарзми қарзмасми тўлов қилиш керак. Уйни иссиқ ушлаб туриш яна бир муаммо. Уйда қарияларимиз бор, гўдаклар бор...

Оқибат: томорқаю дала четидаги дарахтлар ё бутунлай кесилади, ёки каллаклаб олинади. Сифатсиз кўмир ёқиб, ҳар йили бутун-бутун оилалар нобуд бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Шу ўринда БМТнинг тараққиёт дастури ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан ҳудудларда ОАВ ходимлари учун ташкил этилган семинарларда презентация қилинаётган энергия тежамкор уй-жойлари айни муддао.

— 2017 йилда қуриб, топширилган 800 та бир қаватли ва 2020 -22 йилларда қуриб топширилган 22 та кўп қаватли энергия тежамкор уйлар аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди, айтиш жоизки, мақсадга эришилди. Мазкур уйлар қурилиши Қурилиш вазирлиги ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилган бўлиб, бу лойиҳа Энергия аудит текширувларидан ўтказилиб, энерготежамкорлик даражаси белгиланган. Уйлар қурилиш нархи ҳозирги кунда фуқаролар томонидан қурилаётган уйлар билан деярли бир хил, чунки иссиқлик изоляцияси маҳсулотлари ва қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналари давлат ва БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан беғараз молиялаштирилади, - дейди "SKB” энергетик компанияси МЧЖ масъул ходими Сарвар Қурбонов.

Энди ҳар бир қурилиш фирма ёки ташкилотида нима учун қурувчи-инженер лавозими бўлиши, ушбу лавозим эгаси Қурилиш вазирлигидан лицензия олиши шартлигига келсак: Ташкилотларда юрист раҳбар томонидан ноқонуний қарор қабул қилинишининг олдини олгани каби, қурувчи инженер бинонинг сифатсиз қурилишининг, унинг назорати остида энергия тежамкор маҳсулотларининг ўз ўрнида ишлатилиши, ҳам энергияни тежайди, ҳам фожиаларнинг олдини олади.