2022 йилда Ўзбекистонда қуввати 200 мегаваттга тенг бўлган қуёш электр станциялари ёрдамида 411 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу эса 124 миллион метр куб табиий газни тежаш, атмосферага 164 минг тонна зарарли газлар чиқарилишининг олди олиш имконини берди.
Шу даврда қуввати 2072 мегаваттга тенг бўлган гидроэлектр станциялари воситасида 6,48 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Натижада 1,94 миллиард метр куб табиий газ тежалди ва атмосферага 2,71 миллион тонна зарарли газлар чиқарилишининг олди олинди.
Тараққиёт стратегиясида "яшил" энергияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган, хусусан, 2026 йилга бориб қуёш ва шамол электр станциялари қувватини 8000 мегаваттгача, гидроэлектр станциялари қувватини 2 920 мегаваттгача ошириш режалаштирилган.
Бунинг натижасида қайта тикланадиган энергия улуши 25 фоизга етади, 3 миллиард метр куб табиий газ тежалади ва 1 миллион хонадон 1 йил давомида газ билан таъминланади.
2023-2030 йилларда Ўзбекистонда 11 та йирик, 9 та ўртача ва 8 та кичик ва микро гидроэлектр станцияларни қурилиши режалаштирилган.
Янги ГЭСларни ишга тушириш туфайли йилига 5,8 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 1,74 миллиард метр куб табиий газ тежалади.