Жорий йил мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганига 31 йил тўлди ҳамда бу борада давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш ва Қуролли Кучлар тизимини яхшилашда жуда кўп амалий ислоҳотлар олиб борилди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ҳарбий-ватанпарлик руҳида тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмайдиган, мустақил фикрли, мард ва жасур этиб тарбиялаш энг долзарб масала бўлиб, бу борада ёшлар ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Жумладан, ҳар бир ҳарбийлаштирилган ташкилотларда Ёшлар иттифоқининг етакчилари фаолияти жорий қилиниб, улар орқали мазкур ташкилотлардаги ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизими яратилди.
Ёшлар пресс клубида ҳарбий тузилмалардаги ёшлар етакчилари билан Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев ҳамда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Х.Саттаровлар иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Учрашувда Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигида фаолият юритиб келаётган бошланғич ташкилот етакчилари ва ёш ҳарбий хизматчилар иштирок этиб, улар томонидан 2022 йил давомида ёшлар сиёсати йўналишида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, ташкилотларда ёшлар масаласида учраётган муаммолар ёшлар ташкилоти раҳбарларига билдирилиб, муаммоларини ечими масалалари муҳокама қилинди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари – Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев томонидан ёшлар сиёсати йўналишида олиб борилаётган янги ислоҳотлар, ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик масалалари тақдимоти намойиш қилинди.
Бундан ташқари ҳарбий тузилмаларда 2023 йилда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жиноятчилик профилактикаси ва ҳуқуқий саводхонликни юксалтиришдаги “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, бу борадаги ишларни натижали амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Учрашув якунида ёшлар етакчиларига 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” байрами муносабати билан Ёшлар ишлари агентлигининг совғалари топширилди.