Миллий кадрлар захираси – бу малакали кадрлар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган, давлат фуқаролик хизматини малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайдиган маълумотлар базаси ҳисобланади. Миллий кадрлар захираси “амалдаги захира” ва “истиқболли давлат фуқаролик хизматчилари”дан иборат.
Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан биргаликда амалга оширилади. Агентлик томонидан ушбу йўналишда илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Жанубий Корея, Япония каби давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш асосида “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий-аппарат комплекси ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантиришда турли соҳаларда самарали фаолият кўрсатиб келаётган юқори малакали, етакчилик хусусияти ва бошқарув кўникмаларига эга ташаббускор кадрлар;
меҳнат фаолияти натижаларига кўра маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари;
ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи ёшлар ва маҳаллалардаги ёшлар етакчилари;
Истиқболли бошқарув кадрларини танлаш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ғолиблари;
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиантларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллий кадрлар захирасига улар орасидан муносиб номзодларни саралаб олиш мақсадида уларнинг билими, психологик ҳолати ва раҳбарлик кўникмаси баҳолаб борилади. Номзоднинг салоҳиятини баҳолаш тест синовлари, “360 даража” ўрганиш ва ассессмент усулларини ўз ичига олади.
Агентлик Давлат бошқаруви академияси ва юртимизнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда захирага олинган шахслар учун мунтазам равишда вебинар (маъруза), амалий машғулот ва семинар-тренинг шаклидаги махсус ўқувларни ҳамда ҳудуддаги раҳбарларга бириктирган ҳолда дублёрлик асосида стажировкаларни ташкил этиб бормоқда.