Меҳмонхона соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётнинг энг тезкор ва муваффақиятли ривожланаётган соҳаларидан бири бўлиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда.

2020 йил 16 июнда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Отелерлар уюшмаси ва «ATECA» холдинги (БAA) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда меҳмонхоналар ва жойлаштириш воситаларини ривожлантириш, улардаги хизматлар сифати ва бошқарув стандартларини яхшилашга доир қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Холдинг раиси Мишел Ноблетниг кўп йиллик тажрибаси ва унинг жамоасидаги «ATECA» мутахассислари малакасини инобатга олган ҳолда, уч томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Улар қуйидагилардан иборат:

- жойлаштириш воситаларининг замонавий бошқариш технологиялари ва интеграллашган тизимларини жорий қилиш;

- халқаро стандартларга мувофиқ меҳмонхоналарнинг таснифлаш тизими ва техник хусусиятларини такомиллаштиришни жорий қилиш (шу жумладан лойиҳалаштириш босқичида);

- Ўзбекистоннинг меҳмонхона секторидаги инвестиция имкониятлари ва салоҳиятни чет элда тарғиб қилиш, мамлакатга халқаро меҳмонхона тармоқларини жалб қилиш;

- меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича тренинг ва тадбирларни ташкил қилиш;

- соҳанинг рақамли трансформациясини қўллаб-қувватлайдиган инновацион технологик ечимларни жалб қилиш.

Дунёда иқтисодиётнинг глобал рақамлаштирилиши меҳмондўстлик сиёсатини янги асосларини яратди. БАА мутахассислари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда меҳмонхона бизнеси рақамлаштиришнинг янги босқичига кўтарилади.

Малумот учун: Мишел Ноблет таниқли мутахассис бўлиб, кўп йиллар давомида «Le Meridien Hotels & Resorts» тармоғини ривожлантиришга масъул бўлган. 2003-2013 йиллар давомида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка (MENA) минтақасида 53 меҳмонхонадан иборат тармоқни бошқарган «HMH - Hospitality Management Holding» холдинги (Дубай) бош директори ва таъсисчи-ҳамкори сифатида фаолият юритган, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.