Қайд этилишича, 2026 йил футбол бўйича Жаҳон чемпионати бошланиши арафасида ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари ва Telegram каналларида букмекерлик хизматлари, қимор ўйинлари ҳамда таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи реклама материаллари тарқалиши фаоллашмоқда.
Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, йирик спорт мусобақаларига бўлган қизиқишдан фойдаланиб, айрим шахслар фуқароларни букмекерлик платформаларига жалб этишга уринмоқда. Бунда спорт натижаларига пул тикиш, қисқа вақт ичида даромад топиш ёки йирик ютуқларга эришиш ҳақидаги ваъдалар орқали аҳоли таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этишга чақирилмоқда.
Қўмита “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг
46-моддасига мувофиқ, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа
ўйинлар, жумладан интернет ва телекоммуникация тармоқлари орқали ташкил
этиладиган бундай хизматларни реклама қилиш тақиқланганини эслатди.
Шунингдек, букмекерлик хизматлари ва қимор
ўйинларини тарғиб қилиш, уларнинг рекламасини тайёрлаш, жойлаштириш ёки
тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги
таъкидланди.
Маълум қилинишича, айрим шахслар ўз фаолиятини
аноним тарзда юритиш, сохта аккаунтлар ва тахаллуслардан фойдаланиш ҳамда
хорижий платформалар орқали реклама тарқатишга уринмоқда. Бироқ бундай ҳолатлар
ҳам ваколатли органлар томонидан назоратга олинади.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитаси интернет тармоғи, ижтимоий медиа платформалари ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштирилаётган реклама материалларини мунтазам мониторинг қилиб бормоқда. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича материаллар тегишли чора кўриш учун ваколатли давлат органларига, жумладан Ички ишлар вазирлигининг киберхавфсизлик бўлинмаларига тақдим этилмоқда.