Россия ва Эрон Эронда Рашт-Астара темир йўли қурилишини якунлаш бўйича келишувга эришди.

Ҳужжат Эрон Президенти Иброҳим Раисий ва Россия Президенти Владимир Путин иштирокида видеоалоқа орқали имзоланди.

Рашт-Астара темир йўл участкасини биргаликда қуриш бўйича келишувнинг имзоланиши бутун дунё транспорт инфратузилмаси учун катта воқеадир, деди Путин. У Эрон Президентига лойиҳани амалга оширишдаги шахсан иштироки ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Эрон Президенти келишувни Теҳрон ва Москва ҳамкорлигидаги катта ва муҳим қадам деб атади. Унинг қайд этишича, мазкур йўлак минтақадаги барча давлатлар манфаатларига хизмат қилади.

Ҳужжатга кўра, Россия ва Эрон темир йўл лойиҳаси ва қурилишини, шунингдек, товарлар етказиб бериш ва хизматларни биргаликда молиялаштиради, деб хабар беради

Рашт-Астара участкасининг узунлиги 170 километрни ташкил этади. У “Шимол-Жануб” халқаро транспорт йўлагининг қуруқликдаги участкаларини боғлайди. Қурилишнинг тахминий қиймати 1,6 миллиард долларга баҳоланмоқда. Унинг қурилиши тўрт йил давом этиши кутилмоқда.

“Шимол-Жануб” халқаро транспорт йўлагини яратиш Россия ва Каспий минтақаси мамлакатлари ўртасидаги стратегик шерикликни амалга ошириш, шунингдек, Шимолий ва Ғарбий Европанинг Кавказ, Форс кўрфази ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан транзит алоқаларни амалга ошириш мақсадида бошланган, деб хабар беради mir24.tv.