Кўргазмада рассомнинг 70 га яқин рангтасвир, графика ишлари намойишга қўйилган. Уларда китобларга иллюстрациялар, қайтарилмас йил фаслларидаги табиат манзаралари, замин неъматлари, тарихга айланиб бораётган турмуш тарзимизнинг айрим қирралари, ҳаёт фалсафаси акс этган.
Экспозициядан “Тоғда қиш”, “Боғда ёз”, “Ғазалкент”, “Қиш манзараси”, “Муқаддас жой бўйлаб” каби диптихлари, “Қизалоқ туғилиш учун ибодат”, “Йўқолиб қоладиган нарсалар”, “Ўзбек топишмоқлари”, “Эски қумғон” каби триптихлари ва бошқа қатор ижодий ишлар ўрин олган.
Ким Наумова Галина 1951 йилда Россиянинг Саратов вилояти Комсомольск шаҳрида туғилди. 1956 йилдан буён Чирчиқ шаҳрида яшайди. Ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг П.П.Бенков номидаги Республика рассомлик билим юртида, Тошкент театр ва рассомлик институтида ўқиган. 1975-1990 йиллар мобайнида “Ғафур Ғулом”, “Ўқитувчи” нашриётларида ишлади. Кўплаб I-II даражали дипломлар билан тақдирланган.
Кўргазма жорий йилнинг 28- февралига қадар давом этади.
Ҳасан Абдуназаров