Ҳар куни шу аҳвол, сув сепмаса, машиналар қатновидан кўтарилган чанг-тўзон уйига ёпирилади. Ёғингарчилик кунлари эса лой кўчада қадам босиб бўлмайди. Шу ўйларда сув тўла челагини кўтарганча дарвоза эшигини очар экан, кўз олдида бўлаётган ишларга тушунмай бироз қараб қолди. Бир неча юк машиналари йўлга шағал тўкяпти, йўлсозлар эса аллақон ишга киришган.
“Шу ҳафтанинг ўзида кўчамиз асфальт бўлади”. Масъулларнинг ваъдаларини кўп эшитавериб, йўл таъмирланишига ишонмай қўйган Ойниса ая маҳалла раисидан шу гапни эшитган бугунги кун кечаги кун эмаслигини, айтилаётган сўзлар амалда ўз ифодасини топаётганини ҳис этди.
Бугун Навоий вилоятида йўл қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоқли. Ҳудудларда умумфойдаланишдаги ва ички таъмирталаб йўллар босқичма-босқич, замон талаблари асосида бетон қопламали ёки асфальт йўлларга айлантирилмоқда. Аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммо ўз ечимини топмоқда.
Жумладан, Навбаҳор туманида 4R-57 умумфойдаланишдаги автомобиль йўлининг 8 километр қисмидаги қурилиш ва реконструкция ишлари бормоқда. Ўндан ортиқ махсус техника ҳамда 30 га яқин ишчи-ходим йўлни кенгайтириш, пиёдалар йўлаги қуриш, тунги ёритгичлар ўрнатиш ва кўркам гулзор яратиш билан банд. 4R-57 автомобиль йўлида бошланган ишларни жорий йил якуни билан тўлиқ ниҳоясига етказиш кўзда тутилган.
– Бу йўлнинг эни 9 метр эди. Ҳозир йўлни кенгайтириш натижасида асфальт қопламанинг эни 19 метр етмоқда, қўшимча яна 3 метр энлиликда пиёдалар йўлакчаси қурилмоқда. Айни вақтда таъмирланиши режлаштирилган 8 километр йўлнинг 4 километрини фойдаланишга топшириш арафасидамиз. Қолган қисмида асфальтлаштириш ва пиёдалар йўлакларига бетон қопламаларни ётқизиш ишлари давом этмоқда, – дейди “Навоий йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси йўл бўлими бошлиғи Рустам Худойқулов.
Навбаҳор туманидан ўтувчи Қалқонота-Сармиш 4N-361 умумфойдаланишдаги йўлнинг 5 километр қисмидаги жорий таъмирлаш ишларига туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг 30 га яқин ишчи-ходими ҳамда 20 дан ортиқ махсус техника жалб этилган. Лойиҳанинг қиймати 5 миллиард 300 миллион сўмни ташкил этади. Бу йўлнинг равон бўлиши сайёҳлик салоҳиятига эга ҳудудга ташриф буюрадиган маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун ҳам қулайлик яратади.
Ўтган 2022 йилда Навоий вилоятида давлат дастурлари доирасида 1 128 километр автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган бўлиб, амалда 1162 километр йўллар таъмирланди. Жумладан, инвестиция дастури доирасида умумий фойдаланишдаги 6 та автомобиль йўлида пудратчи корхоналар томонидан 106 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Шу билан бирга, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида 58,6 миллиард сўм ҳисобига 186 километр ички хўжалик йўлларини таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларини аниқлаш учун тендер савдолар ўтказилиб, шартномалар тузилди ва ушбу ташкилотлар томонидан 189 километр йўл жорий таъмирланди. Шундан 41,7 километр йўл асфальт, 32 километрда цементбетон қилинди, 116 километрига шағал тўкилди.
Навоий вилоятида умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш дастури учун ажратиладиган маблағ ҳисобидан 258 километр йўлнинг ҳолатини яхшилаш кўзда тутилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 143 километр йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилди, 585 километр йўлида йўл ётиқ чизиқлари чизилиб, интенсив нур қайтарувчи 324 дона янги йўл белгиси ўрнатилди.
Навоий шаҳрида 297 километр йўлда юзага келган носозликлар бартараф этилмоқда. Фуқаролар мурожаатлари асосида дастлаб Маҳмуд Таробий кўчасидан бошланган жорий таъмирлаш жараёнлари айни пайтда Ислом Каримов шоҳкўчаси ҳамда Алишер Навоий кўчаларида давом эттирилмоқда. Мавжуд носозликлар бартараф этилаётгани, энг аввало, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Ҳайдовчилар ҳам бу ижобий ўзгаришлардан мамнун.
– Аномал совуқ ва ёғингарчиликлардан кейин шаҳар кўчаларида автотранспортда юриш қийин бўлиб қолганди. Йўллардаги ўйдим-чуқурлар чуқурлар йўқотилаётганидан хурсандмиз, – дейди ҳайдовчи Жавоҳир Тошмуродов.
Босқима-босқич давом этаётган таъмир жараёнлари боис қишлоқлардаги тупроқ йўллардан кўтарилган чанг энди Ойниса ая каби фуқароларни безовта қилмайди, автомобиллар чуқурларга тушмайди.
Муҳими ҳам шу аслида! Халқни рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш, замонавий инфратузилмаларни барпо этиш инсон қадри учун тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири