Очилиш маросимига бағишланган тадбирда Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қулай меҳнат ва хизмат шароитларини яратиш борасида, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хусусида сўз юритди.
Президентимизнинг 2021 йил август ойидаги қарори билан Меҳрибонлик муассасалари Миллий гвардияга бириктирилиб, масъулиятли вазифалар юклатилганлиги, янги марказнинг ишга тушиши эса, тизимда олиб борилаётган самарали ишларнинг мантиқий давоми эканлигини ҳам таъкидлади.
Шунингдек, янги марказ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, қаровсиз қолган, имконияти чекланган болалар, уюшмаган ёшлар ҳамда аёлларга ягона тизимда психологик хизмат кўрсатишга мўлжалланганлигини ҳам қайд этиб ўтди.
Ташриф буюрганлар, Ёшлар инновацион масканидаги дастурлаш, аэро-моделлаштириш ва робототехника йўналишлари бўйича замон талабларига мос жиҳозланган ўқув хоналари билан яқиндан танишдилар. Болалар психологияси маркази таркибидаги, Болалар психологияси, Арттерапия, Гештальт терапия, Йога ва Хореография бўйича машғулотлар ўтказиладиган хоналар ва у ерда яратилган шароитлар ҳам тадбир иштирокчиларига бирдай манзур бўлди.
Болалар психологияси маркази бошлиғи, олий тоифали психолог, Наталья Попова эса, марказ олдидаги мақсад ва вазифаларга тўхталиб, юқорида қайд этилган фикрлар ва билдирилган ишонч, ўзи ва қўл остидаги мутахассисларга улкан масъулият юклашини мамнуният билан таъкидлаб, ташриф буюрган барча меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Тадбир доирасида янги масканни барпо этилишида яқиндан кўмакдош бўлган бир қатор мутасаддилар. Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан "Маънавият аълочиси" кўкрак нишони, "эсдалик қўл соати" ҳамда "Фахрий ёрлиқ" билан тақдирланди.
Янги бинонинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати аъзолари, турли вазирликларнинг мутасадди раҳбарлари, ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири