Бугун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти глобал коронавирус пандемиясини эълон қилганига роппа-роса олти ой тўлди. Хитойда келиб чиққан вирус сайёра бўйлаб тарқалишни бошлаганидан бери, 188 мамлакатда 28 миллиондан ортиқ ҳолат тасдиқланди ва 900 мингдан ортиқ одам вафот этди.
Барча саъй-ҳаракатларга қарамай, кўплаб мамлакатларда COVID-19 касаллиги ўсишда давом этмоқда. Улардан баъзиларида касаллик сони яна кўпайишни бошлади.
Би-би-си маълумотларига кўра, ўтган бир кун ичида Францияда коронавирус инфекциясининг деярли 10 мингта янги ҳолати рўйхатга олинган — бу бутун эпидемия бошлангандан бери рекорд кўрсаткич ва бир кун олдинги ҳолатга қараганда деярли 1000 тага кўп. Шу билан бирга, мамлакатда сўнгги кунларда интенсив терапия бўлимларида беморлар сонининг кўпайиши кузатилмоқда.