2021 йил 30 октябрдан 7 ноябргача ишланмайдиган кунларни белгилаш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан ҳамда мамлакатда эпидемик вазият оғирлашганига ишора қилган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин эпидемия кўплаб минтақаларда ошгани, эмлаш эса сустлигини таъкидлади.
Минтақа раҳбарлари санитария-эпидемиологик вазиятга ва ўз ҳудудида коронавирус тарқалишининг ўзига хос хусусиятларига асосланиб, 30 октябргача ҳам қўшимча ишламайдиган кунларни белгилаш ва 7 ноябрдан кейин иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда узайтиришга ҳақли.
Ишланмайдиган кунлар сабаб зарар кўриши мумкин бўлган кичик ва ўрта бизнес турларига ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши белгиланди.
Маълумот ўрнида: Россияда янги турдаги коронавирус (Covid-19) дан ҳар куни касалланиш ва ўлим ҳолатлари сони ортиб бормоқда. Коронавирус инфекциясини назорат қилиш ва профилактика маркази тарқатган баёнотга кўра, охирги 24 соат ичида касалланганлар сони 34 минг 73 тага ошиб, 8 миллион 94 минг 825 нафарга етган.