Бундай гувоҳнома эгалари рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирмасдан Россияда ишлаши мумкин.

Давлат думасининг сешанбадаги йиғилишида иккинчи, яъни асосий ўқишда ўн йил муддатга Россия ҳудудида яшаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган шахслар учун вақтинчалик гувоҳнома жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилди.

«Россия Федерациясидаги чет эл фуқаролари ҳуқуқий ҳолати ҳақида»ги Қонун фуқаролиги бўлмаган шахслар учун вақтинчалик гувоҳнома ҳақидаги норма билан тўлдирилади. Бу ерда «фуқаролиги бўлмаган шахсга берилган ва унинг шахсини ва Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча яшашини тасдиқловчи ҳужжат» назарда тутилади. Шунингдек, қонунда фуқаролиги бўлмаган шахснинг вақтинчалик ҳужжати электрон шаклда берилмаслиги қайд этилган.

Гувоҳнома олиш учун Россия ИИВ нинг ҳудудий органига ариза берилади ва 10 иш кунида ҳужжат эгасига тақдим этилади. Бундай ҳужжат эгалари Россия Федерацияси ҳудудида рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирмасдан ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Қонун лойиҳасида агар мазкур ҳужжат эгаси бошқа мамлакат фуқаролигини ёки бошқа мамлакатда вақтинча яшаш ҳуқуқини олса, гувоҳнома ўз кучини йўқотиши ҳақида аниқлик киритилган. Бундай шахс 15 кун ичида мамлакатни тарк этиши керак бўлади, деб хабар беради ТАСС.