Бу ҳақда “Дунё” АА хабар қилмоқда.

Россиянинг Саха Республикаси (Ёқутистон)да меҳнат фаолиятини юритаётган юртдошимиз жиноий жавобгарликка тортилади. У ўта йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига алоқадорлиги учун Ёқутистон шаҳар суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг фарзанди ҳибсхонада туғилган. Қизалоқ туғилгандан сўнг Республика оилавий тарбияга кўмаклашиш марказига топширилган.

Маҳкума аёлнинг онаси болани олиб кетиш учун Саха Республикасига келган ва Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бош консулхона томонидан Россия Ташқи алоқалар ва халқлар ишлари вазирлиги Ёқутистон округи маъмуриятининг Васийлик ва ҳомийлик департаментига алоқага чиқилди. Департамент билан болани бувисига бериш бўйича мулоқот амалга оширилди. Қизчани бувисига қайтариш бўйича бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро конвенциялар асосида тегишли ҳужжатлар тайёрланди.

Шундан сўнг, Бош консулхона томонидан болани Ўзбекистонга қайтариш учун махсус сертификат расмийлаштирилди. Россия ҳукумати кўмагида қизча белгиланган тартибда бувисига топширилди.

Ёқутистондаги ўзбек диаспораси фаоллари кўмагида буви ва набирага Ёқутистон–Новосибирск–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилиниб, эсон-омон Ватанга қайтарилди.