Экология вазирлиги 2024 йилда Сурхондарё вилоятидаги ов қонунчиликда белгиланган тартибда, тегишли тўлов эвазига рухсатнома асосида амалга оширилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонлар сони Фанлар академияси мутахассислари томонидан доимий ҳисоблаб борилади ва уларнинг хулосасига асосан популяцияга таъсир қилмайдиган миқдорда овлаш учун рухсат берилади. Бунинг учун белгиланган тартибда тўлов ундирилади.
Хусусан, 2024 йилда морхўрларни овлаш учун ўрнатилган тартибда рухсат берилган ва 100 000 АҚШ доллари миқдорида тўлов ундирилган.
Бу маблағлар табиатни муҳофаза қилиш, хусусан, браконьерликка қарши самарали кураш олиб боришга йўналтирилган.
«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга кўра, ҳар йили ёввойи ҳайвонларни тутиш учун квота белгиланади. Бунда ёввойи ҳайвонларнинг энг ёши каттаси, насл қолдириш давридан ўтган эркагини овлашга рухсат берилади ва жараён қатъий назорат остида амалга оширилади.
Маълумот учун, хорижий давлатларда ҳам айнан шундай тартиб жорий қилинган. Хусусан, Намибияда ўлжа ови йилига 3 млн доллардан кўп фойда келтиради.
Бундан ташқари, очиқ маълумотларга кўра, ҳар йили Тожикистонда 10–16 бош морхўр, 100–115 бош арҳар, Мўғулистонда эса 90–100 бош арҳар, 50–60 бошгача хонгул овлашга рухсатномалар берилмоқда.