Марафонда 35 давлатдан 3 мингга яқин спортчи онлайн қатнашди. Виртуал пойга формати ярим марафон иштирокчиларига жой ва масофани танлаш эркинлигини берди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳам тадбирда иштирок этиш учун тенг имкониятлар яратилди.
Бугун 21 километрлик масофага Регистон майдонидан старт олган мусобақа иштирокчилари Бибихоним, Афросиёб, Ҳазрати Хизр, Хўжа Дониёр мақбараси, Улуғбек ва Шоҳизинда расадхоналари каби шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан югуриб ўтди.
Эркаклар ўртасида Тошкент вилояти вакили Андрей Петров биринчи бўлиб маррага етиб келди. Қизлар ўртасидаги баҳсда эса ўн минг метрга югуришда Ўзбекистон рекордчиси, сурхондарёлик Ситора Ҳамидова ғолиб бўлди.
Эркаклар ва аёллар ўртасида ҳар бир йўналишда энг яхши натижа кўрсатган 5 нафардан қатнашчи ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари билан тақдирланди. Жумладан, 1-ўринга 12 миллион сўм, 2-ўринга 10 миллион сўм, 3-ўринга 8 миллион сўм, 4-ўринга 6 миллион сўм, 5-ўринга 5 миллион сўм берилди.
Таъкидлаш жоиз, “Samarkand Half Marathon” доирасидаги турли форматдаги югуриш мусобақалари юртимиз бўйлаб давом этади.
Мазкур мусобақа ҳар йили маданият ва санъат объектларидаги мавжуд инклюзив муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи ва спорт туризмини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.