ШҲТ (кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлар билан) маконида 3 миллиарддан ортиқ киши истиқомат қилади. Бу ер юзи аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон ШҲТнинг таъсисчи давлатларидан бири бўлиб, унинг ривожланишида салмоқли ҳисса қўшди. Хусусан, расмий Тошкент нафақат ташкилотнинг норматив-ҳуқуқий ва институционал базасини мустаҳкамлашга, балки аъзо давлатлар ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам эътибор қаратмоқда.

2017 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ШҲТ маконида ўзининг янги фаол ташқи сиёсатини яққол намоён қила бошлади. Ташкилотга аъзо давлатлар билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилди.

Жумладан, 2017–2021 йилларда ўтган саммитларда Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва бутун ШҲТ маконининг транспорт-логистика салоҳиятини янада очиқлаш, туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион тараққиёт, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш каби йўналишларда жами 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Уларнинг қарийб барчаси амалга оширилган. Бу каби таҳлиллар Ўзбекистон илгари сурилган ва амалга оширилган ташаббуслар кўрсаткичи бўйича ШҲТда етакчи ўрин эгаллашини кўрсатмоқда.

Бу йилги Самарқанд саммити ўзгараётган дунёнинг янги руҳини яратишга замин бўлиши айтилмоқда. Алоҳида жиҳати — ушбу тадбир ШҲТ етакчиларининг 2019 йилдан буён биринчи юзма-юз учрашуви бўлади.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида асосий эътибор ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини илгари суриш, транспорт коммуникацияси ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт, ШҲТнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш каби энг муҳим устувор йўналишларига қаратилди.

Яна бир маълумот, Самарқанд саммити дунё миқёсида йилнинг энг йирик ва нуфузли сиёсий-дипломатик тадбири, дея эътироф этилаётир. Бугун Самарқанд ана шу катта тадбирни ўтказишга тайёр.