Вилоятнинг чегара ҳудудларидан бўлган Булунғурда 55 нафар МФЙ раислари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда маҳалла раисларига Давлатимиз Раҳбарининг Олий Мажлисга ҳамда Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, берилган вазифалар батафсил тушунтирилди.
Хусусан, ислоҳотларнинг қуйи поғонадан бошланиши кераклиги, бошқарувнинг янги тизимига ўтилиши, бунда маҳалла раисларига ҳам янги вазифалар белгиланиб, давлат органлари ва ташкилотлари маҳалла раислари билан ҳисоблашиши, раҳбарлар фаолиятига нисбатан асосий баҳони ҳам маҳалла раислари бериши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қолаверса, 2021 йил давомида маҳалла раислари олдига қўйилган устувор вазифалар муҳокама этилиб, жойлардаги мавжуд ҳолат ва муаммолар тингланди. Учрашув қизғин савол-жавоб тарзида ўтказилди.
Учрашув давомида шунингдек МФЙ раисларидан маҳаллий давлат бошқарув органлари раҳбарлари фаолияти ҳамда туманда аҳолига яратилган шароитдан қониқиш даражасини аниқлаш мақсадида ижтимоий аноним сўровнома ўтказилди.
Шу билан бирга ташриф давомида туманнинг 4 та сектор раҳбарлари ва ҳоким ўринбосарлари билан тор доирада муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда туман сектор раҳбарлари ҳамда ҳоким ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш рейтинг муҳокамаси ўтказилди. Қониқарсиз натижа кўрсатган раҳбарлар фаолияти танқидий таҳлил қилинди. 2021 йил учун вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, О.Хасанов иштирокида дастлаб вилоят Ички ишлар бошқармаси фаоллар залида туман ва шаҳарларнинг иккинчи сектор раҳбарлари ва котиблари билан, сўнгра вилоят Прокуратураси фаоллар залида вилоятнинг иккинчи ҳамда учинчи сектор масъул раҳбарлари билан Сектор раҳбарларининг фаолиятини баҳолаш — рейтинг тизими юзасидан танқидий-таҳлилий муҳокама учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Унда ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйиш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билим ва фаолиятини баҳолаб бориш тизимини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда вилоятнинг иккинчи ҳамда учинчи сектор раҳбарлари томонидан ўтган йилдаги камчиликлар бирма-бир муҳокама этилиб, вилоят ҳамда Республика кесимида секторларнинг рейтинг ўринлари қониқарсиз экани танқидий таҳлил қилинди.
Учрашув сўнгида сектор фаолиятини самарали ташкил этишда йўл қўйилган камчиликларнинг сабаб ва омиллари ҳамда уларни бартараф этиш усуллари юзасидан мастер-класс ташкил этилди, шунингдек, келгусида рейтинг натижаларини яхшилаш юзасидан тегишли услубий тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.
Мирзо Улуғбек Мадалимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Ахборот хизмати етакчи инспектори