Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ер майдонларини қонунга хилоф равишда сотиш ҳолатларига қарши курашиш йўналишида навбатдаги чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу жараёнда Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятларида ерларни ноқонуний тарзда сотишга уриниш ҳолатлари фош этилди.

Самарқанд вилоятидаги ҳолат

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида донли экинлар етиштириш билан шуғулланувчи фермер хўжалик раҳбари ўзининг ҳокимият тизимидаги танишлари орқали хўжаликка тегишли 3 гектар ер майдонини Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига у фуқародан 300 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фермер хўжалик раҳбари олдиндан 20 минг АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (йирик миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди (поравозликда воситачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қашқадарё вилоятидаги ҳолат

Қашқадарё вилоятида аниқланган ҳолатда эса Қарши туманида яшовчи 1992 ва 1998 йилларда туғилган икки нафар шахс ўзаро тил бириктириб, давлат захирасидаги 8 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали Кўкдала туманида истиқомат қилувчи фуқарога уй-жой қуриш учун олиб беришни ваъда қилган.

Бунда улар ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 180 миллион сўм талаб қилишган.

Тезкор тадбир чоғида улар олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган пайтларида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ушбу шахсларга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ДХХ огоҳлантиради

Давлат хавфсизлик хизмати ер ресурслари — умуммиллий бойлик эканлигини эслатиб, фуқароларни давлат томонидан белгиланган тартиб ва меъёрларга зид равишда ер майдонларини сотиш ёки сотиб олишга уринишдан тийилишга чақирди.

Маълумот учун, ер майдонларини қонунга хилоф равишда сотиш, расмийлаштириш ёки воситачилик қилиш ҳолатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.