Президентининг ҳудудларга ташрифи жойларда ривожланишга тўсиқ бўлаётган долзарб муаммоларни аниқлаш ва  ечим топиш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган илғор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият ксб этаётир. Шу маънода, куни кеча Самарқанд вилоятига қилинган ташриф ҳам бу борада яна бир муҳим тадбир бўлди. Ушбу қадимий ва ҳамиша навқирон юртда туғилиб камога етган, ушбу ҳудуддан сайланган халқ вакили сифатида ушбу ташриф жараёнидаги ҳар бир воқеликни катта қизиқиш билан кузатиб бордим.

Давлатимиз раҳбари ойларнинг сарвари, Рамазон кунларида вилоятга бориб, ҳадис илми султони, буюк бобомиз Имом Бухорий қадамжоси янги мажмуасининг қурилиш ишлари бошланиши билан танишиб, ҳаққига дуолар қилишида ҳам бир рамзий маъно бор.

– Рамазон ойи – эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад – исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирар экан, кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш, 2019 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби билан мутаносибликдаги улкан масканни барпо этиш бўйича берган таклифи асосида тез орада бу ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон барпо этилади. Еттита  меҳмонхона, учта автотурургоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши нафақат маҳаллий ва хорижий зиёратчиларнинг ташрифини кўпайтиришга, балки, ҳудуд аҳолисининг иш билан бандлиги масаласи ижобий ҳал этилишига имкон яратади. Бу ишлардан мақсад — одамларни рози қилиш, халқимиз фаровон турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш, фарзандларимиз замонавий таълим олиши ва жамиятдан ўз ўрнини эгаллаши учун барча имкониятларни яратишдир.

 Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармонлари билан қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларидан кўзланган мақсад ҳам аслида шу. Одамларнинг турмуш тарзи, маданияти, дунёқараши ўзгариши учун улар яшаётган ҳудуддаги шароитлар, инфратузилмалар замон талабига мос  бўлиши керак. Қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади.  

Шу боис  жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Самарқанд вилояти бўйича 717 та қишлоқ ва 198 та шаҳар маҳаллалари қиёфасини замонавий кўринишга келтириш, инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу мақсадларга 1,6 триллион сўм йўналтириш режалаштирилгани меҳнаткаш, танти, мард, меҳмондўст самарқандликларни қувонтиргани рост.

Давлатимиз раҳбари иштирокида Самарқанд шаҳрида ўтказилган фаоллар йиғилишида вилоятнинг фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиш учун 5 та драйвер соҳа кўрсатиб ўтилиб, ушбу соҳаларда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар учун масъуллар белгиланди.

Таъкидланганидек, 2021–2022 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 30 триллион 415 миллиард сўмлик 1 минг 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Хусусан, 12 триллион сўмлик 1 минг 184 та ҳудудий, 18 триллион сўмликдан зиёд 95 та тармоқ лойиҳалари амалга оширилади. 1,8 миллиард доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва 26 мингта доимий иш ўрни ташкил этилади.

Яна бир муҳим ташаббус илгар сурилди. Самарқанд шаҳрини 1 миллион аҳоли яшайдиган йирик шаҳарга айлантириш учун шаҳарга Самарқанд, Пастдарғом, Тайлоқ ва Оқдарё туманлари ҳудудидан ер майдонини қўшиб бериш ҳамда вилоят маъмурий марказини Гулободга кўчириш бўйича вилоят фаолларининг таклифи қўллаб-қувватланди.  Бу эса шаҳарнинг тарих ва замонавийлик уйғунлашган йирик ҳудуд сифатида нуфузи, обрўси янада ошишига хизмат қилади. Вилоятда “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими давом эттирилиб, 1 минг 100 та маҳалланинг ҳар бирида аниқ фаолият турига ихтисослашган  маҳаллалар ва хонадонлар тажрибасини кенг ёйишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланди.

Масалан, Иштихондаги “Хумо” маҳалласида заъфарон, Булунғурдаги “Саховат” маҳалласида картошка етиштириш, Пахтачидаги “Ёбу”, “Қувондиқ”, “Истиқбол”, “Кўрпа” маҳаллаларида иссиқхона, Оқдарёда сабзавот уруғчилиги, Ургутда тўн ва дўппи тикиш, Каттақўрғон туманида қулупнайчилик, Пастдарғомда мебелсозлик, Самарқанд туманида кўкат етиштиришга ихтисослашган хонадонлар тажрибасини бошқаларга ҳам ўргатиш керак.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи ҳудудда ислоҳотлар тўлақонли амалга оширилишида, бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари, энг асосийси, аҳолининг яшаш тарзи янада яхшиланишида катта туртки бўлади. Биз каби барча даражадаги халқ вакиллари эса ташрифда қайд этилган вазифалар ўз вақтида амалга оширилишини доимий назорат қилиб, юрт корига камарбаста бўлишимиз лозим.  

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати