Самарқандда 2022 йил ҳосили учун 94 минг 130 гектар ер майдонига ғаллани иқлим шароитига мос, серҳосил навлари экилди. Маҳаллий ғаллакорлар келгуси йил ҳосилдорлигини 60-70 центнерга етказишга бел боғлаган.

Ғалла парваришида белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан мониторинг қилиб бориляпти.

 — Жорий йил 9 ноябрь ҳолатига вилоятда 67 минг 441 гектар ер майдонида ғалла униб чиққан бўлиб, 44 минг 521 гектарда 1-2 тадан, 19 минг 737 гектар ерда 3-4 тадан барг мавжуд, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори Адилжон Арзиқулов. — Шунингдек, 3 минг 138 гектар ер майдонидаги бошоқли дон экинлари тўплади. Айни кунларда ғалла майдонларига гектарига 3 тоннадан маҳаллий, 100 килограммдан азотли минерал ўғитлар жамғариш бўйича тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Шу мақсадда мавжуд 4 минг 619 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан 9 минг 423 тонна азотли минерал ўғитлар жамғариш талаб этилади.

Ҳозирга қадар 5 минг 866 тонна азотли минерал ўғитлар заҳираси яратилиб, 179 тоннаси фермер хўжаликларида, 5 минг 687 тоннаси кластер корхоналари омборхоналарида белгиланган талаблар асосида сақланяпти.