Тарихдан яхши маълумки, соҳибқирон Амир Темур бобомиз нафақат тарихий-меъморий обидалар, балки ўзига хос бетакрор боғларни барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратган.

Амир Темур ҳукмронлиги даврида ташкил этилган “Боғинақш”,” Боғижаҳон”, “Боғибеҳишт”, “Боғишамол”, “Боғидавлатобод”, “Боғимайдон”, “Боғибаланд”, “Боғичинор” сингари бетакрор боғлари ҳам юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир. Ўз даврида Самарқанд боғлари гиметрик шаклда тартиб берилган бўлиб, тўрт бурчак шаклда барпо этилган.  

Бугунги кунда ҳам янги, замонавий боғдорчилик тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, янги интенсив боғлар ташкил этилди.

Рақамларга эътибор қаратилса, 2016 йилга қадар Самарқанд туманида боғ майдонларининг 500 гектари интенсив боғларни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 4820 гектар замонавий интенсив боғ ва 4415 гектар токзор барпо этилди.

Интенсив боғларнинг афзаллиги шундаки, бундай усулдаги боғлардаги дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун уларда агротехник тадбирларни амалга ошириш қулай. Бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасининг сифати юқори.  Агарда оддий боғлар 7-8 йилда тўлиқ ҳосилга кириб, ҳар гектар майдондан 12-15 тонна ҳосил олинадиган бўлса, интенсив боғлардаги мевали дарахтлар 4-5 йилда ҳосилга кириб, гектарига 50-60 тонна ҳосил олишга эришилади.

Яна бир гап. Инстенсив боғларда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш эвазига сув ҳамда минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлиги кескин ошади. Бир гектар оддий усулдаги боғларни суғориш учун мавсум давомида 4.2 м3 сув ресурслари сарфланадиган бўлса, сув тежамкор технологиялар жорий этилган майдонларда 1.73 м3 сув сарфланади.

Шу мақсадда, ўтган йиллар давомида 3 617 гектар ер майдонидаги интенсив боғ ва токзорларда сув тежамкор технологиялар жорий этилди. Биргина жорий йилда жами 1 минг 50 гектар, шундан 870 гектар ер майдонидаги боғ ҳамда 180 гектар токзорларда сув тежамкор технологиялар ўрнатилиши режалаштирилди.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд туман бўлими томонидан интенсив боғ ва токзорларда замонавий, инновацион технологияларни жорий этиш асносида сув тақчиллигининг олдини олиш, кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан сифатли ва экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиши юзасидан доимий мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.

Шу мақсадда 2022 йилнинг ўтган январь ойи давомида ҳудудларда 7 марта кўргазмали семинарлар ташкил этилди. Унда сув тежамкор технологияларнинг авзалликлари, кам сув сарфлаб юқори ҳосил олиш мезонлари батафсил тушунтирилди.

Қ.Қурбонов,

“Ўзагроинспекция”нинг

Самарқанд туман бўлими бошлиғи