Айниқса, кундалик истеъмолда муҳим ўрин тутадиган картошка маҳсулотига талаб йил сайин ортиб бормоқда. Шу боис картошка уруғчилиги тизимини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти қошида фаолият юритаётган Ўзбекистон-Корея картошка уруғчилиги маркази картошка уруғчилигини ривожлантиришда муҳим илмий-амалий майдон вазифасини бажармоқда.
Марказда вируслардан холи, юқори репродукцияли уруғлик материалларини тайёрлаш, мини-туганаклар етиштириш ҳамда замонавий гидропоника технологиялари асосида кўпайтириш ишлари йўлга қўйилган. Илмий тадқиқотлар ва амалий тажрибалар натижасида ҳосилдорликни ошириш, касалликларга чидамли навларни кенг жорий этиш ҳамда сифатли уруғлик базасини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йил баҳор мавсумида картошка экиш ишлари белгиланган агротехник талаблар асосида бошланди. Мутахассислар томонидан гидропоникали замонавий иссиққхонада юқори сифатли уруғлик материаллари парваришланмоқда. Суғориш ва озиқлантириш жараёнларида сувни тежовчи ҳамда самарадорликни оширувчи замонавий усуллар қўлланилмоқда.
Картошкачилик йўналишида малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида институт Корея Халқаро боғдорчилик институти ҳамда Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти билан ҳамкорликда “Уруғлик картошка етиштириш” махсус амалиёт дастурини йўлга қўймоқда.
Дастур доирасида ин витро (меристема) кўпайтириш, аэропоника ва гидропоника тизимлари, мини-туганак етиштириш, рақамли мониторинг ҳамда “смарт” бошқарув технологиялари қўлланади.
Дастур иштирокчилари назарий билим билан бирга лаборатория ва иссиқхоналарда амалий кўникма олади. Бу эса вирусдан холи, юқори репродукцияли уруғлик картошка етиштириш, импортга қарамликни камайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Мазкур ташаббус аграр йўналишда таҳсил олаётган талабалар, ёш мутахассислар ва илмий изланувчилар учун янги имкониятлар яратади. Лойиҳа халқаро тажриба асосида замонавий, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Картошка уруғчилиги тизимини илмий асосда ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ёш мутахассисларни тайёрлаш орқали ҳудудда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини сезиларли даражада ошириш мумкин.
Самарқандда олиб борилаётган ушбу тизимли ишлар келгусида республика миқёсида сифатли уруғлик базасини мустаҳкамлаш, импорт ҳажмини камайтириш ва аҳолининг картошкага бўлган талабини тўлиқ қондиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Анвар ШАМСИЕВ,
Самарқанд агроинновациялар ва
тадқиқотлар институти доценти
Ҳамкорлик материали