Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида, Самарқанд вилоятида 2021 йил ҳосили учун 138 минг 830 гектар ерга бошоқли дон экинлари экилмоқда. Об-ҳавонинг қулай кунларидан самарали фойдаланишни кўнгилларига туккан деҳқонлар мавсумни агротехника тадбирларига қатъий риоя этган ҳолда, уюшқоқлик билан сифатли амалга оширмоқда. Мазкур муҳим агротехник тадбирлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси томонидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
Аммо ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида кузнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланган ҳолда ерга уруғ қадаш, экилган ғалла парвариши билан боғлиқ ўта муҳим агротехник тадбирлар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётган ҳолатлар учраб турибди.
Маъмурий ишлар буйича Пастдарғом тумани суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида, Инспекциянинг Пастдарғом тумани бўлими томонидан ўтказилган мониторинг-таҳлил тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари кўриб чиқилди.
Сайёр суд мажлиси давомида ғалла экиш бўйича агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармаган, ижарага берилган ер майдонидан самарали фойдаланмаган, ғалла экишни ўз вақтида ва сифатли тарзда амалга оширмасдан ҳокимият вакилларининг қонуний талабларини бажармаган кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарларининг 14 нафари ҳатти - ҳаракатига нисбатан қонуний баҳо берилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198 моддаси 1-қисми ҳамда 74 моддаси 2-қисмига асосан, маъмурий жазо чораси қўлланилди.
Шунингдек, Инспекциянинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган ҳолатлар юзасидан Каттақўрғон туман маъмурий суди томонидан сайёр суд жараёни ўтказилди.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8-сентябрдаги “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 546-сонли, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2020 йил12 сентябрдаги 141-Қ-сонли қарорларига асосан, ижарага берилган ерларга ғалла экиш ҳамда агротехник тадбирларни бажармаган қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарларининг 4 нафари хатти-ҳаракатига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларини бажармасдан кузги бошоқли дон экиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширмаган, ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўтказмаган 4 нафар фермер хўжалиги раҳбарларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198 моддаси 1-қисми ва 74 моддаси 2-қисмига асосан, маъмурий жазо чораси қўлланилди.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати