Вазиятни жойида ўрганиш мақсадида вилоят ҳокими Адиз Бобоев тегишли ташкилотлар вакиллари билан бирга Самарқанд шаҳридаги Чуқурйўл кўчасида бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Ўрганишлар давомида вилоят ҳокими ҳудуддаги йиғилиб қолган сувни бартараф этиш, сувни чиқариб юбориш тизимини яхшилаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Вилоят раҳбари Самарқанд шаҳрининг Намозгоҳ кўчасида ҳам бўлиб, ушбу ҳудуддан ўтувчи Мароқанд ариғида чиқиндилар ва турли тиқинлар йиғилиб қолгани сабаб ёмғир сувлари кўчага тошиб чиққанини қайд этди. Айни пайтда бу ерда ҳам тозалаш ва бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳоким масъул идоралар ва коммунал хизматлар вакилларига бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун тизимли чоралар кўриш, сув оқими йўлларини доимий назорат қилиш ва тозалаш ишларини кучайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида сув тўпланиш ҳолатларини бартараф этиш ишларига Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг сув тортувчи 20 дан ортиқ махсус техникаси жалб қилинган.